muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 21 Октябрь 2021 00:00

Ўзбекистон халқига байрам табриги

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни улуғ айём – Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Албатта, кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда кенг нишонланаётган бу байрамнинг алоҳида файзи ва шукуҳи борлигини барчамиз яхши биламиз. Ушбу қутлуғ санада миллий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимизнинг тарихимиз ва тақдиримиз, бугунги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантириш борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқур ҳис этамиз.

 

Азиз дўстлар!

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан хабардорсиз. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиб, ғоят муҳим бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб келмоқда.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилиб, ўзбек тилини турли соҳаларда қўллашга оид тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Олийгоҳ қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, 6 та махсус ўқув курси ҳамда Алишер Навоий халқаро жамғармаси ташкил этилгани ҳам айни шу мақсадларга қаратилгани билан диққатга сазовордир.

Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида яқин келгусида асосий вазифаси чет элларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институти фаолияти йўлга қўйилади.

Ўтган қисқа даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, жумладан, 9 та луғат нашр қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни вақтда 5 жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” фундаментал тадқиқоти вазирлик ва идоралар, таълим-тарбия масканларига, мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларига етказилди. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа,
ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилгани ҳам албатта муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилгани буюк аждодимиз хотираси ва бебаҳо меросига, шундай улуғ зотларни вояга етказган халқимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 150 та миллий маданий марказ иш юритаётгани, ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларимизда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани дунё амалиётидаги ноёб тажриба эканини таъкидлаш ўринлидир. Юртимизда чет тилларга ихтисослашган ҳамда ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётгани ҳам шу соҳадаги муҳим ўзгаришлар натижасидир.

 

Муҳтарам ватандошлар!

Ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида олдимизда катта ва масъулиятли вазифалар турганини барчамиз яхши англаймиз.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет эл фуқароларида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ва эътибор ортиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш бўйича ишларни янада кучайтиришимиз зарур.

Ўзбек тили жонажон Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз, бу мақсадда нафақат маънавий, шу билан бирга, моддий рағбатлантириш чораларини ҳам кенг қўллашимиз даркор. Хусусан, тилшунос ва луғатшунос олимларимизнинг, шоир-адибларимизнинг ушбу соҳадаги машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг илмий тадқиқотлари, дарслик ва қўлланмалари, китоб ва рисолаларини давлат буюртмаси шаклида нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиб бериш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур.

Давлат тилига оид барча маълумотларни ўзида жамлаган Ўзбек тили миллий корпусини яратишни тезлаштириш, она тилимизни Интернет глобал тармоғида оммалаштириш ва ушбу маконда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш ишларини жадаллаштириш ҳам олдимизда турган долзарб вазифадир.

Азиз ва муҳтарам юртдошларим!

Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Ана шундай ҳаётий эътиқод ва буюк мақсад билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин!

Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, файзу барака тилайман.

Она тилимиз мангу яшасин!

 

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода 2021 йил 19 октябрь куни Уламолари Кенгашида сайланган Диний идора раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Сизнинг масъулиятли лавозим – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланганингиз муносабати билан бизнинг самимий табрикларимизни қабул қилгайсиз. Тожикистон мўмин-мусулмонлари, зиёлилари Сизни йирик олим ва мутафаккир, истеъдодли ташкилотчи ва мусулмон қавмининг бирлиги, унинг аъзоларининг бир-бирига бўлган муҳаббатига оид катта тадбирларнинг ташаббускори сифатида билишади.
Сизга энг аввало соғ-саломатлик, бизнинг давлатларимиз халқлари ва диний муассасалари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида катта муваффақиятлар тилаб қоламиз.


Катта ҳурмат билан,

Саидмукаррам АБДУКОДИРЗОДА,
Тожикистон Республикаси Ислом маркази раиси, муфтий

Фаластиннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси доктор Муҳаммад Таршаҳани 2021 йил 19 октябрь куни Уламолари Кенгашида сайланган Диний идора раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Фаластин маъмурияти, Фаластин мусулмонлари диний бошқармаси ва ўз номимдан Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланганингиз ила самимий табриклайман. Сизга сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик, Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқи фаровонлиги йўлида самарали ишлар олиб боришингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Фаластин давлати ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ўрнатилган ўзаро ҳамдўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини юқори баҳолаб, Сизнинг келгусида олиб борадиган фаолиятингиз тинчлик ва тотувликни ўрнатиш, халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга ўзимнинг юксак ҳурматимни билдиришга ижозат бергайсиз.

Яхши дуолар, тинчлик ва яхшилик тилаб,

Др. Муҳаммад Таршаҳани,
Фаластин давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси

Москва муфтийси Альбир Крганов 2021 йил 19 октябрь куни Уламолари Кенгашида сайланган Диний идора раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Россия мусулмонлари диний жамоаси ва шахсан ўз номимдан Сизни Ўзбекистон муфтийси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси масъул лавозимига сайланганингиз билан чин дилдан табриклайман. Шарафли мартабани қабул қилар экансиз, Сиз шак-шубҳасиз зиммангизга юклатилган улкан масъулият улушини ҳис қиласиз.


Сиз кўп йиллар давомида тинчлик, эзгулик ва диний бағрикенглик тамойилларига амал қилган ҳолда Республика мусулмон жамоасининг манфаати учун тинмай хизмат қилиб келмоқдасиз. Бутун умрингизни исломнинг инсонпарварлик қадриятларига сидқидилдан хизмат қилиш, маънавий-ахлоқий устозлик қилиш, одамларга ёрдам беришга бағишландингиз, жамоатчиликнинг тан олиши ва мўмин-мусулмонларнинг муҳаббатига сазовор бўлдингиз, шу туфайли аввалроқ Тошкент шаҳар бош имом-хатиби мартабасига лойиқ, деб кўрилган эдингиз.


Россия мусулмонлари диний жамоаси Сизнинг умматнинг гуллаб-яшнаши учун қўшган ҳиссангиз, шунингдек бизнинг диний анъаналаримиз издошларининг дўстона мулоқоти ва ҳамкорликнинг ривожланиши йўлидаги саъй-ҳаракталарингизни юқори баҳолайди. Сизнинг фидокорона фаолиятингиз жамиятнинг маънавий ва ахлоқий асосларини сақлаш ва ошириш ҳамда тинчлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жуда юқори даражада эканини кўриш инсонга мамнуният бағишлайди – бу, шубҳасиз, анъанавий исломнинг сақланиши ва ривожланишига хизмат қилади.


Россия мусулмонлари диний жамоаси узоқ йиллар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан анъанавий ислом, таълим, маънавият ва маданиятлараро мулоқотнинг асосларини мустаҳкамлаш, шу жумладан Сизнинг ажойиб мамлакатингиз табаррук қадамжолари бўйича зиёрат туризмни ривожлантириш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишади. Биз чин дилдан мамлакатларимиз инсонлари ўртасидаги дўстона муносабатларни қадрлаймиз.


Ушбу кунда қувонч ҳисларини Сизга бўлишган ҳолда, узоқ ва самарали ҳаёт давомида сиҳҳат-саломатлик, қарорларни қабул қилишда донолик, шунингдек дин ва жамоат хизмати йўлида янада муваффақиятларни дуо ила тилаб қоламиз.
Аллоҳ таоло имонингиз мустаҳкамлигини сақласин, икки дунё саодатини ато этсин, эзгу ишлар ажрини берсин ва У Зотнинг севимли Элчиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бебаҳо меросини муносиб сақлаш ва кўпайтиришга ёрдамлашсин.

Ҳурмат ва эзгу дуолар билан,

Альбир ҳазрат КРГАНОВ,
Москва муфтийси, Россия мусулмонлари диний жамоасининг раҳбари, Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси аъзоси

Видеолавҳалар

Top