muslimuz

muslimuz

Среда, 15 Май 2024 00:00

124 ёшли кампирнинг ҳаёси

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаё қаeрда бўлмасин кишини бeзайди, чиркин сўз ҳар қаeрда кишини жирканч кўрсатади”, дедилар.

Ҳаё ҳаммада ҳам бўлиши шарт. Лекин аёллар яна ҳам муносиброқдир. Аёлларнинг ҳаммасига ҳаё муносиб, ёшларига яна ҳам чиройдир ҳаё. Кексаларга эса, ҳаё қилмаслик шармандаликдир.

1888 йилда туғилган фаластинлик Марям Ҳамдан Аммаш 124 ёшга етиб, франциялик 122 ярим йил умр кўрган Жанна Луиза Калман деган аёлнинг рекордидан ўтиб кетди.

Айтишларича, Марям буви тўрт босқич авлодини кўрган. Ҳатто унинг набиралари ҳам набира кўрган бобо бўлганлар. Бироқ шундай катта ёшига қарамай невара, эвара ва чевараларининг ҳар бирини яхши танир, уларнинг ҳаёти билан қизиқар эди.

Кекса онахон оқила ва доно бўлиб, бу катта оиланинг етакчиси эди. Ҳамма у билан маслаҳатлашар эди. Кампир беш маротаба ҳаж ва ўн марта умра қилган. Ёши катта бўлишига қарамай жуда ҳаракатчан эди. Бу муслима қария қишлоқда муҳтарам энага ва доя ҳам эди.

Марям бувининг набираси Маҳдий Ҳамдан Аммашнинг “Gulf News” рўзномасига айтишича, Гиннес гуруҳи Марям бувинининг олдига ўтган йил март ойида зиёрат қилгани келган ва Марям бувини рекордлар китобига ёзишни билдирган. Унинг айтишича, Гиннес гуруҳи намояндаси уни рекордлар китобига ёзиб бутун Ер юзида машҳур қилишини айтганида, онахон ундан сўради:

  • Мен шу билан бахтли бўламанми?

Рекордлар китоби вакили бу кутилмаган саволдан довдираб қолди ва бу нарса уни ва унинг оила аъзоларини бахтли қилиши мумкинлигини айтди. Онахон яна сўради:

  • Ёшингиз нечада?
  • Қирқ учга кирдим...
  • Мусулмонмисиз?

Ходим мусулмон эмаслигини эътироф этди.

  • Демак, Сиз ёшингиз катта бўлгани билан ҳақни ботилдан ажрата олмас экансиз. Ё ҳалиям ёшлик қиласиз ёки ақлингиз заифдир. Чунки “ўзи каби ўлажак инсонлар орасида машҳур бўлишдан бахтли бўласан” деган сўзга фақат ёш бола ёки ақли заиф кимсагина ишонади. Ваҳоланки бунинг орқасида ўз Холиқи ҳузурида шарманда бўлишлик ҳам бордир. Хўш мен қайси бирини танлай – бахти қаро, шарафсиз кимсалар орасида машҳур бўлишними ёки Оламлар Роббиси ҳузуридаги бахтиёр инсонлар орасида машҳурликними?

Гиннес ташкилоти намояндаси нима дейишни билмай қолди. Марям буви унга:

- Агар айтишга жавобингиз бўлмаса, боринг катта бўлиб ақл юрита бошлаганингизда ёнимга келарсиз. Мен эса сиз қайтиб келгунча ўлмай туришга ваъда бераман, деб ҳазиллашиб ҳам қўйди.

Шундай қилиб унинг ўғиллари ва набиралари Гиннес гуруҳи билан учрашишдан бош тортишди, чунки ойнаи жаҳонда кўрсатиш учун тасвирга тушириш чоғида бу аёл бошидан рўмолини ечиб қўйиши шарт қилинган эди.

Қизиғи шундаки, орадан етти ой ўтгач рекордлар китоби ходими Исломни қабул қилди. Бундан тўрт ойдан кейин эса Марям Ҳамдан вафот этди. Унга қадар эса кекса онахон билан бир неча маротаба учрашиб, анча вақт суҳбатлашишган.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

Среда, 15 Май 2024 00:00

Қариндош ғайридин бўлса...

Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига ҳақларини беринг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26-оят).

Шариатимиз кўрсатмаларида қариндошчилик алоқаларини узишликка мутлақо йўл қўилмаслиги ҳам бежиз эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат соҳибларининг сифатларини келтирар экан, жумладан шундай марҳамат қилади: “Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббиларидан қўрқурлар ва ҳисобнинг ёмонидан хавфда бўлурлар” (Раъд сураси, 21-оят).

Динимиз таълимотларида қариндошчилик алоқаларини боғлашга шу қадар қаттиқ тарғиб қилинадики, ҳатто улар мусулмон бўлмасалар ҳам, қариндошчилик ҳақлари адо қилиниши буюрилади.

Маймун ибн Миҳрон айтади: “Уч нарсада кофир ва мусулмон баробардир: ким билан аҳдлашган бўлсанг, аҳдингга вафо қилгин, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Албатта, аҳд Аллоҳ учундир. Орада қариндошчилик бўлса, силаи раҳм қилгин, хоҳ кофир бўлсин ва хоҳ мусулмон! Кимики сeнга омонат бeрса, омонатини адо қилгин, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон”.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар яқин кунларда бир ерни фатҳ қиласизлар. У ерда Қийрот (калимаси) ишлатилади, дeдилар.

Бошқа ривоятда:

Яқин кунларда Миср фатҳ қилинади. У ер Қийрот дeб номланади. У ер аҳлига яхшилик қилиш васиятини мендан олинглар. Чунки уларга аҳдлашув ва қариндошлик томонимиз бор, дeйилади.

Яна бошқа бир ривоятда:

Агар у ерни фатҳ қилсангизлар, у ер аҳлига чиройли муомалада бўлинглар. Чунки аҳдлашув ва қариндошлик ёки аҳдлашув ва қудачилик томонимиз бор, дeйилган (Имом Муслим ривоятлари).

Уламолар: “Қариндошлик томони – Исмоил алайҳиссалом оналари Ҳожар ўша ерлик бўлганлар. Қудачилик томони – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳимнинг оналари Мория ўша ерлик бўлган”, дeб айтишган.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

  1. Қаттиқ талаб этилади: Аёллар масжиди Набавийда Равзага кирган вақтда имкон қадар ўзларини босиқ ва вазмин тутишлари керак. Ҳиссиётларни жиловлаш, кўпроқ саловатлар, дуолар қилиш ва асосийси бошқа зиёратчиларни ранжитмаслик талаб этилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда келтиради: “Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин” (Ҳужурот сураси, 2-оят). Аллоҳ таолонинг ояти каримасидаги бу таъкид ўзини мусулмонман деган ҳар бир инсонга тегишлидир.

  1. Масжидун Набавийдаги бир ракат намознинг савоби минг ракат намозга, Масжидул Ҳаромдаги бир ракат намознинг савоби эса юз минг ракат намоз савобига тенглигини доимо эсда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, доимо ибодатда бўлиш керак.
  2. Иккала Ҳарамда ҳам саҳар пайти айтилган биринчи азон таҳажжуд намози учун бўлади. Иккинчи азон бомдод намози учунлигини ёдда сақлаш керак.
  3. Ҳаж муддати оз эканлигини ҳисобга олиб, имкон қадар барча намозларни иккала Ҳарамда ўқишга ҳаракат қилиш керак.
  4. Иккала Ҳарамда ўқиладиган фарз намозларига имомга иқтидо қилинади.
  5. Руку ва сажда тасбеҳларини камида 3 та ёки 5, 7, 9, 11 марта айтиш  мумкин (иккала Ҳарамда руку ва сажда узоқроқ бўлади).
  6. Иккала Ҳарамда ҳар намоздан  кейин 4 такбир билан жаноза намози ўқилади. Аёллар ҳам жаноза намозини ўқиши мумкин.
  7. Қазо намозлари бўлса, иккала Ҳарамда ҳам тўлиқ ўқийди.
  8. Имомдан олдинга ўтиб кетмасликка ҳам жиддий эътибор бериш лозим.
  9. Меҳмонхона ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ташқарисидаги сувлардан ичишдан сақланиш. Чунки бу сувлар таҳорат учун бўлиб, улар истеъмол қилиш учун яроқсиз саналади.
  10. Ҳажга борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилиши билан бир қаторда қилинган гуноҳлар ҳам кўпайтириб берилишини ҳисобга олиб, бировларнинг ҳақига, молига хиёнат қилмаслик, атрофдагилар билан жанжалмаслик, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиши талаб қилинади.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

 

“Рисолатул мустаршидийн” асарининг муаллифи Ҳорис ибн Асад Муҳосибий мўминларга насиҳат ўлароқ қуйидаги гапларни айган. Таъкидлаш лозимки, бу насиҳатларга амал қилишга ҳар бир мўмин киши муҳтождир:

“Ниятингни текширгин, мақсадингни аниқлагин. Зеро, савоб олиш ниятга боғлиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқидир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади”.

Доимо Аллоҳга тақвода бўл! Зеро, “Мусулмон – одамлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Мўмин – одамлар унинг ёмонликларидан омонда бўлган кишидир”.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳга итоат қилиш орқали Унга тақво қил, Аллоҳга тақво қилиш орқали Унга итоат қил, қўлларинг мусулмонларнинг қонидан, қорнинг уларнинг моли(ни ейиш)дан тилинг уларнинг обрўси(ни тўкиш)дан қўрқсин”.

Ҳар лаҳзада ўзингни ҳисоб-китоб қил. Ҳар нафасда Аллоҳни муроқаба қил (сени кўриб турганини ҳис қил).

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилингиз, амалингиз (қиёмат куни) тарозида тортилишидан олдин уни ўзингиз тортингиз. Барча нарса ошкор бўладиган кундаги катта намойишга тайёргарлик кўрингиз”.

Дининг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ, барча ишларингда Аллоҳдан умид қил, бошингга тушган мусибатга сабр қил.

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Фақат гуноҳингдангина қўрқ, фақат Роббингдан умид қил. Билмайдиган одам то билиб олгунича сўрашдан уялмасин. Кимда-ким билмайдиган нарсаси ҳақида сўралса “Билмайман” дейишдан уялмасин.

Билки, иймондаги сабрнинг ўрни жасаддаги бошнинг ўрни кабидир, бош кесилса жасад ҳам кетади. Обрўинг ҳаққида сени ғазаблантирадиган гапни эшитсанг, афв қил, ўтиб юбор. Албатта, бу мардлик ишлардандир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: Кимки Аллоҳдан қўрқса (ўч олиб) ғазабини қондирмайди, ким Унга тақво қилса, хоҳлаганини қилавермайди. Қиёмат куни бўлмаганда эди (вазият) сизлар кўриб тургандан бошқача бўларди.

Ўзингни ҳимматинг (ёки ўзингни ғаминг, ишинг) билан шуғуллан! Бошқанинг айбини қўйиб, ўз айбингни тўғрилаш билан шуғуллан. Ахир айтиладику: Кишининг кўзига ўз айби қолиб одамларнинг айби кўриниши ёки ўзи қилган ишда одамларга ғазаб қилиши ёки шеригига озор бериши ёки одамлар ҳақида беҳуда гапларни айтиши унга айб ўлароқ кифоя қилади”.

Юқорида ният ҳақида гап кетди. Шу ўринда ният ҳақида бироз тўхталиб ўтмоқчимиз. Ният – қалбнинг бирор нарсани қасд қилиши, уни қилиш ёки қилмасликка азм-у қарор қилишидир. Шайх Муҳаммад Ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ “Иъломул муваққиъийн”да айтадилар: “Ният – ишнинг боши, устуни, асоси, пойдевори ҳисобланади. Чунки у амалнинг руҳи ва етакчиси-да. Амал унинг кетидан эргашади, унинг устига бино қилинади. Ният дуруст бўлса амал ҳам дуруст бўлади, ният бузуқ бўлса амал ҳам бузуқ бўлади. Ният билан Аллоҳнинг тавфиқи, ёрдами келади, ният бўлмаса банда ёрдамсиз қолади. Ниятга қараб дунё ва охиратда даражалар бир-биридан фарқли бўлади”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Cавол: Умрага кетаёган кишига “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бизнинг номимиздан салом айтиб қўйинг”, деб бўлмайдими? Яқинда шундай гап эшитдик. Чунки саҳобалардан бундай иш содир бўлмаган, деб айтишяпти.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтиб юбориш жоиз, ҳатто мақталган амал саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг қайсидир амални қилмаганлари шу ишнинг нотўғри эканига далил бўлмайди. Бирор амалнинг ҳаром ёки макруҳ бўлиши учун алоҳида далил келган бўлиши керак.

Тўрт мазҳаб уламолари бир овоздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтиб юборишни жоиз ва мақталган амал, деб айтишган.

Моликийлардан аллома Зарқоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

“Ким зиёратга кетаётган бир кишига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сизга фалончидан салом денг” ёки “Менинг номимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтинг”, деса ва зиёратчи рози бўлиб, салом айтишни зиммасига олса, унинг саломини етказиши вожиб бўлади. Чунки бу адо қилиш вожиб бўлган омонат бўлиб қолади. У “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга фалончидан салом”, дейди” (“Ал-Мавоҳибул ладуния” китоби).

 

Шофеъийлардан аллома Нажмиддин Ғаззий “Ҳуснут танаббуҳ лима варода фит ташаббуҳ” китобида бундай деган:

“Киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказишни бўйнига олса, бу адо этиш лозим бўлган омонатга айланади. Зиёратга бораётган кишининг бошқалар номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом олиб кетиши маҳбуб ва мақбул амал бўлиб, уламо ва солиҳ зотлар буни қилганлар”.

 

Ҳанбалийлардан аллома Руҳайбоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

“Бир киши бошқа зиёратга бораётган одамга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказишни тавсия қилса, зиёратчи: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга фалончи ўғли фалончидан салом бўлсин”, деб айтсин. Салом айтишни бўйнига олган кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказиши вожибга айланади. Салом айтиши орқали зиммасидаги вожибдан қутилади” (“Матолиб улин нуҳа” китоби).

Демак, зиёратга отланаётган кишига: “Бизнинг номимиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтинг”, дейиш асло хато эмас, балки мандуб амал саналади. Қолаверса, бу яқинда пайдо бўлиб қолган иш эмас, балки қадимдан уламолар ва солиҳ зотлар қилиб келаётган амал саналади.

 

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар уламоларидан саналган Аллома Камол Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказишни васият қилган кишининг саломини У зот алайҳиссаломга етказиши керак. Етказишда: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга фалончи ўғли фалончидан салом” ёки “Ё Аллоҳнинг Расули, фалончи ўғли фалончи сизга салом айтди”, дейди. Ривоятда келишича, Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказиш учун Шомдан Мадинаи мунавварага одам юборар экан. Кимнинг мазкур шаклда салом етказишга вақти зиқлик қилса, вақтидан келиб чиқиб, мумкин бўлганича (қисқа тарзда) саломни етказади. Ўтган салафи солиҳлардан ҳам ўта қисқа тарзда салом етказганлари нақл қилинган” (“Фатҳул Қадийр” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Страница 2 из 217

Мақолалар

Top