www.muslimuz

www.muslimuz

Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази шундай мега лойиҳалардан бири бўлиб, унинг асосий вазифаси илк Ўрта асрлардан бошлаб мусулмон ва жаҳон цивилизациясига ўз кашфиётлари ва илмий изланишлари билан бебаҳо ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг буюк аждодлари меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этишдан иборат.
Ушбу мавзуга бағишланган матбуот анжуманида ОАВ вакилларига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси тарихи, қурилиш ишлари жараёнлари, мақсад ва вазифалари, ҳозиргача Ислом цивилизацияси маркази жамоаси томонидан амалга оширилган ишлар, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорлиги тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этиш жоизки, Ислом цивилизацияси маркази биноси Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида қад кўтармоқда. Бино ғоя ва мақсадларга мос равишда улуғвор, салобатли бўлиб, анъанавий ислом ва ўзбек меъморчилиги услубида бунёд этилмоқда. Марказ учун 10 гектардан кўпроқ жой ажратилган. Лойиҳага кўра, мазкур меъморчилик дурдонаси уч қаватдан иборат бўлади, атрофи тўлиқ ободонлаштирилади, сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилади. Мажмуада нодир экспонатларга бой Ислом санъати музейи, кутубхона, қўлёзмалар фонди, илмий кафедралар, конференциялар зали бўлиши назарда тутилмоқда.
Маълумки, ҳар бир цивилизация илм-фан, яратувчилик, иқтисодиёт, сиёсат ва маданиятда жаҳон тамаддунида қолдирган изи билан баҳоланади. Шу маънода, илк ва кечки ўрта асрларда олимлар, фузалолар, илоҳиётшунослар, қурувчи-меъморлар ва ҳунармандларнинг бир неча авлодини етиштирган, уларнинг қуввати-ҳофизалари билан ўлмас асарлар, кашфиётлар, санъат асарлари бунёд этилишига сабабчи бўлган ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни беқиёсдир. Ушбу цивилизациянинг алломалари ичида юртдошларимизнинг ўрни ҳам муҳим ва салмоқлидир.
Ислом цивилизацияси маркази биносига Ўзбекистон халқаро ислом академияси жойлаштирилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Президентимиз таъбирлари билан айтганда, ушбу маскан илм ва маърифат маркази бўлади. Бу ерда турли ёш вакиллари, хусусан, бакалаврлар, магистрлар ва бўлажак илоҳиётчи докторлар ва ҳатто оддий ўқувчи учун ҳам зарур шароитлар яратилади. Ушбу марказ ислом маърифатини, буюк аждодларимизнинг бой меросини халқимизга ва дунё ҳамжамиятига етказиш вазифасини бажаради.
Айни кунда Ислом цивилизацияси маркази фондларида 1000 дан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар, 8000 дан кўпроқ XIV асрдан бошлаб чоп этилган адабиётлар ва 25 мингдан зиёд электрон китоблар сақланмоқда. Марказда 34 нафар техник ва илмий ходимлар фаолият олиб бормоқдалар. Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўтган ва жорий йилларда “Ҳадислар тўплами”, “Видо хутбаси”, “Етти пир мероси” китоблари нашр этилди, 4 та информация роликлари яратилди, мамлакатимизда ва хорижда 27 та тақдимот ўтказилди, 11 та хорижий марказлар, университетлар ва кутубхоналар билан ҳамкорлик меморандумлари тузилди ва амалга оширилмоқда.

Ислом цивилизацияси матбуот хизмати

 

Маълумки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китоблари ҳаётлик чоғларидаёқ бошқа тилларга таржима қилина бошланган эди. Бу хайрли иш ҳамон давом этмоқда. Шундай таржималардан бири «Иймон» китобининг қорақалпоқ тилига таржимаси бўлди.

Ушбу китоб Шайх ҳазратларининг дастлабки китобларидан бири бўлиб, 1991 йилда илк бор нашр этилган эди. Кейинчалик китоб қайта-қайта нашр этилди. Айни кунларда унинг қорақалпоқ тилига таржимаси чоп этилмоқда. Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, ушбу китоб муаллифнинг ҳаётлик чоғида рус тилига таржима қилиниб, чоп этилган.

Китобнинг қорақалпоқ тилидаги таржимаси эса, тез орада сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Китоб сотувга қўйилгач Ўзбекистон бўйлаб барча филиалларидан ва интернет орқали kitoblardunyosi.uz сайтидан онлайн тарзда харид қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Хайрия Ҳусайн Собир хоним Жидда шаҳрининг бу йилдаги энг ёши улуғ қорияси деб эълон қилинди. Бу ҳақда iqna агентлиги хабар берди.

Айтишларича, у Аллоҳнинг каломини ёдлашни бошлаганида катта қийинчиликларга дуч келган. Бироқ қисқа фурсат ичида Аллоҳнинг инояти билан бу йўлдаги барча мураккабликлар ниҳоясига етган.

Унга бу йўлда қория синглиси катта ёрдам берган. Хайрия Ҳусайн Собир хоним Жидда шаҳридаги Дорул Ҳуда Қуръон марказида икки йилда Қуръони Каримни бутунлай ёд олиб, махсус гувоҳнома олган. Маълум бўлишича, қория хоним ҳозирда Қуръони карим билимлари ва тафсири бўйича ўз малакасини оширишда давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётининг иш режаси бандлари ижроси ва биринчи ярим йил якуни бўйича барча масжид ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда ЎМИ вакили Ш.Бауатдинов 15 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош имом-хатиблари, уларнинг ўринбосарлари ва диний таълим муассасалари иштирокидаги ўтказилган тадбирда белгиланган вазифалар бўйича топшириқлар берди.

Йиғилиш давомида қозиёт тизимидаги барча масжид имом-хатибларининг жорий йил олти ой давомидаги ишлари ҳисобати тингланди. Маънавий-маърифий, масжидлардаги қурилиш-ремонт ва ободонлаштириш ишлари бирма-бир таҳлил қилинди. Юборилган камчиликларни тузатиш учун кўрсатмалар берилди ва Қурбон ҳайити байрамини муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик кўриш, барча масжидларда шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти матбуот хизмати

Четвер, 01 августь 2019 00:00

Янги рукн: Марварид ҳадислар

Muslim.uz сайти ижодкорлари томонидан Имом Бухорий ва Имом Муслим баробар ривоят қилган - муттафақун алайҳ даражасидаги ҳадисларни бериб бориш режалаштирилди.

Ушбу ҳадислар Муҳаммад Фуод Абдулбоқийнинг "Марварид Маржонлар: Имом Бухорий ва Муслим баробар ривоят қилган - муттафақун алайҳ ҳадислар" асарининг Зиёуддин Мансур томонидан қилинган таржимаси асосида тайёрланади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу хайрли ишни муваффақиятли ва биз мўмин-мусулмонлар учун манфаатли қилсин.

 

 

 

Ёлғон ҳадис тўқишдан сақланинг!

 

1- حديث عليّ قال: قال النبيّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لا تكذِبوا عليّ، فإنه من كَذَبَ عليّ فَلْيَلِجِ النارَ

1- Алий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “(Мен айтмаган ҳадисни “Расулуллоҳ айтди”, деб) менинг (номимдан) ёлғон тўқиманглар. Чунки ким менга ёлғон нисбат берса, албатта дўзахга киргай”, дедилар.

 

2- حديث أَنَسٍ قال: إِنه لَيَمْنَعُنِى أَنْ أحدّثكم حديثًا كثيرًا أَنَّ النبيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: مَنْ تعمَّدَ عليّ كَذِبًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ من النار

2- Анас розияллоҳу анҳу: Мени сизларга кўп ҳадис айтиб беришдан Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким мен(инг номим)дан  қасддан ёлғон (ҳадис) сўзласа, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлаб қўяверсин”, деган сўзлари тўсиб туради, деди.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top