muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 4 февраль куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги диний ходимлар иштирокида 2016 йил якунлари сарҳисоби ва 2017 йил истиқбол режаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Алеуов, Адлия вазирлиги ходими Т.Қалилаев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили Ш.Бауатдинов ҳамда масжид имом-хатиблари, имом ноиблар ва мутаваллилар иштирок этди.

Йиғилишда диний соҳа ходимларига тегишли бўлган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди. Шундан сўнг, имом-хатиблар фаолиятини янада жадаллаштириш, оммавий ахборот воситаларида маърифий чиқишларни жонлантириш, ижтимоий-маънавий  муҳитни янада соғломлаштириш чора-тадбирларини самарали ташкил этиш, диний соҳа ходимларининг нутқ маданиятини ошириш, масжидларда таъмирлаш ва қайта қуриш ишларини тартибли ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир сўнгида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Музаффар Жабборов

Понеділок, 06 февраль 2017 00:00

Италияда Қуръон мусобақаси

Италияда Қуръони каримни ёдлатиш бўйича халқаро ҳайъат билан ҳамкорликда Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада 125 нафар қори йигит ва қизлар Қуръони каримнинг 30, 15, 10, 5, 3 ва 1 пораларини ёддан ўқиб бердилар. Мусобақа фаолиятида собиқ Миср қорилари уюшмаси раиси доктор Аҳмад Исо Маъсировий, Қуръони каримни ёдлатиш халқаро ҳайъати вакили Шайх Абдурроҳман Аъвасий ва Ислом марказлари ходимлари иштирок этдилар.

Мусобақа якунида ғолибларга мукофотлар тақдим этилди ҳамда ёшларни Қуръони карим ахлоқи ва одобига риоя этишга, шунингдек, Қуръони каримни тўлиқ ёдлашда бардавом бўлишга тарғиб қилган маърузалар тингланди. 

                                                       Халқаро алоқалар бўлими

Юртимизда қаҳратон қишнинг изғиринли кунлари кезиб юрибди. Пойтахтимиз кўчаларини кезар экансиз, айрим футбол ўйингоҳларида, юрагида ўти бор, футбол ўйинига қизиқиши кучли бўлган инсонларни футбол ўйнаётганини гувоҳи бўласиз. Уларни кузата туриб, ушбу спорт турига қизиқишлари ва саломатликларига бефарқ эмасликларини англайсан киши. Улардаги шижоат ва спортсеварликни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ишчи-ходимлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида ҳам “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”  муносабати билан футбол турнири ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 27 январь ҳамда 3 февраль, сешанба кунлари ушбу турнирнинг 4-5 тур учрашувлари бўлиб ўтди. Айниқса, 3 февраль, сешанба кунги ўйинда, қалин қор ва совуқ ҳаво бўлишига қарамасдан, учрашув кутилмаган натижалар ва бир-биридан ажойиб голларга бой бўлди. Қуйида 4-5 учрашув натижалари билан танишасиз:

4 тур натижалари

Дўстлик

9 - 9 

Мовароуннаҳр

Ҳазрати Имом

5 - 6

Бухорий авлодлари

Минор

7 - 4

  Кўкалдош

 

5 тур натижалари

Дўстлик

6 - 3 

Ҳазрати Имом

Минор

5 - 3

Бухорий авлодлари

Мовароуннаҳр

3 - 0

  Кўкалдош

 

Эслатиб ўтамиз, ярим финал ўйинлари жорий йилнинг 7 февраль, сешанба куни бўлиб ўтади. Унда қуйидаги жамоалар ўзаро беллашадилар:

 

Минор

 -  

Бухорий авлодлари

Ҳазрати Имом

 -

Мовароуннаҳр

  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Понеділок, 06 февраль 2017 00:00

Заҳри қотилдан эҳтиёт бўлайлик!

Сўнгги йилларда бутун дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солаётган, мамлакатларнинг келажагига, қолаверса, ёшларнинг умрига завол бўлаётган, инсонни инсонийлик қиёфасидан чиқариб, ҳайвондан ҳам тубан ҳолатга тушишига сабаб бўлаётган иллат – бу гиёҳвандликдир.

Ўз навбатида инсоният келажаги ва саломатлиги учун қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар.

Кундан кунга кўплаб кишилар, айниқса, ёшлар ва аёлллар гиёҳвандлик иллатининг ҳалокатли тўрига илинмоқдалар. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оилалар мустаҳкамлиги ва иқтисодига, фарзандлар одоб-ахлоқига, умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда. Мутахассислар томонидан эндиликда дунёни ҳалокатга солувчи нарса, “героин бомбаси” эканлиги таькидланмоқда.

Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, гиёҳвандлик балоси бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Бангилик ва унинг муаммолари бўйича халқаро ва умумжаҳон ташкилотлар тузилди. Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 26 июнь кунининг “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” деб номланиши ҳам бу иллатнинг нақадар хавфли ва унга қарши курашиш бутун дунё ҳамжамиятининг муаммоси эканига далолат қилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсоннинг муҳим бурчларидан бирига айланган десак муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, тадқиқотчилар фикрича гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл ислом дини таълимотларида белгиланган экан.

Маълумки, ислом динининг асосий таълимот манбаи бўлмиш Қуpъони каримда тоза-пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок нарсаларнинг ҳаромлиги ҳақида очиқ баён қилинган.

Илоҳий кўрсатмаларга асосланиб, Пайғaмбаримиз Муҳам­мад алайҳиссалом: Ҳар бир маст қuлувчи нарса ҳаромдир” , дедилар.

Бошқа бир ҳадисда: “Кимда  ким заҳар билан ўз жонига қасд қилса, қиёмат куни унга жаҳаннамда заҳар ичириш билан азоб берилади”, - деб таъкидланган. Гиёҳванд моддаларнинг заҳри қотил деб аталиши ҳам бежиз эмас. Унинг ўлдирувчи заҳардан ҳеч қандай фарқи йўқлигини эътироф этиш лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаp қaн­дай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусай­тирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан ман эт­ганлар”, - дейилади.

Қуръон оятлари ва Расул акрам ҳадисларида гиёҳванд моддаларнинг номи келтирилмаган-ку? деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, Пайғамбаримиз даврларида, ҳатто Аббосий­лар халифалигининг дастлабки йилларигача ҳам гиёҳвандликнинг ўзи ҳам, номлари ҳам ислом ола­мида номаълум эди. Лекин ўзларидан кейинги даврларда инсониятга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирувчи нопок нарсаларнинг турлари ва номлари кўпайиб кетишини олдиндан билиб, ўз умматларини огoҳлантириб кетдилар. Хақиқаттан ҳам, ҳозирги кунда маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи ва соғликка жиддий зарар етказувчи заҳри қотил мод­даларнинг турлари кўпайиб бормоқда. Шунинг учун Расул алайҳиссалом умумий қилиб:

“Ҳар қандaй маст қилув­чи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаромдир”, - деб асо­сий қоидалардан бирини баён қилиб бердилар.

Гиёҳванд моддаларнинг бўшаштирувчи, заифлаштирувчи эканлиги, ўз навбатида инсон соғлигига жиддий зарар етказишига эса шубҳа бўлмаса керак.

Буюк алломалардан бири Имом Абу Бакр Қасталоний гиёҳванд моддаларнинг турлари ва уларнинг ҳаромлигига бағишлaб aлоҳида бир китоб ёзганлар ва номини "Нашани ҳаpом қилиш билан турмуш­ни икром этиш" деб атаганлар. Шунингдек, Имомиддин ибн Абу Шариф каби бошқа забардаст алломалар ҳам гиёҳвандликка оид бир қанча китоблар таълиф этганлар.

Асримиз уламоларидан ҳам жуда кўплари бу заҳри қотилнинг зарарли оқибатларига оид китоб ва рисолалар ёзишган. Ислом оламида унинг ҳаромлиги ҳақида махсус фатволар ва мақолалар эълон қилиниб келинмоқда. Ислом дини инсонга зарар келтирувчи нарса­ларни, айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи ёки уни заифлaштирувчи ҳаp қандай нарсани ҳаpoм деб ҳисоблаб, соғлиқнинг кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан чекланишга буюради.

Ил­мий текшириш натижаларига кўра, гиёҳванд моддалардан бири бўлмиш қора дори оғиз ёки бурун орқали инсон танасининг ичкарисига киргач, у аввало ичакларга сўрилади ҳамда қориндаги қон айланиш йўли билан жигарга етиб боради. Жигар уни оксидлаб ҳарорат, сув ва карбо­нат ангидридга айлантиради ҳамда умумий қон айла­ниш жараёнига қўшилиб кетишига ёрдам беради. Натижада жигарнинг ҳужaйралари ундан таъсирланиб цирроз касаллигига йўлиқади. Аллоҳнинг марҳамати билан жигар ҳужайралари яна қайта тикла­нади. Лекин, қopa дорининг қайта-қайта истеъмол қилиниши оқибатида "жигар циррози" кучая боради. Жигар кичрайиб қотиб қолгач, унинг фаолияти сусаяди. Унинг ҳужайралари атрофида жигар ҳазм қилолмаган ёғлиқ моддалар чўкиб қолади. Гиёҳ­ванд моддаларнинг оксидлари халақит бергани учун йиғилиб қолган зарарли моддалар қон айла­ниши билан муҳим марказий асаб системасига қадар етиб боради, натижада асаб ҳужайралари ишдан чиқиб яроқсиз ҳолатга келгач, инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-­совуқ, қаттиқ-юмшоқ ва ширин-аччиқни сезиш хусусиятлари йўқолади.

Ҳукуматимиз томонидан гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, ёшлар ўртасида бу каби жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ қилинди.

Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йилга “Соғлом бола йили” ва 2016 йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилиши ҳам юртимизда вояга етаётган ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб ўсишига муҳим замин яратди.

Айни пайтда эса, Давлатимизнинг сайланган Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳам бу борада кенг қамровли ишларни изчиллик билан давом эттирмоқдалар. Шундай экан, албатта, ҳар биримиз оилада, маҳаллада, мактаб, лицей, ўрта махсус ва олий ўқув билим юртларида келажагимиз бўлган фарзандларимиз, ёшларимиз таълим тарбияси, одоб-ахлоқига жиддий эътибор қаратишимиз долзарб аҳамият касб этади.

 

Муҳаммадназар Қаюмов,

ЎМИ Масжидлар бўлими мудири

Понеділок, 06 февраль 2017 00:00

Қурони карим тиловатида тадаббур

Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир»  дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло ўз каломида тадаббур қилиш ҳақида марҳамат қилганки:

وَإِنَّهُ لَذِكْرٌ لَكَ وَلِقَوْمِكَ وَسَوْفَ تُسْأَلُونَ

Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар. (Zuxruf 44-oyat).

كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آَيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ

«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир»,  деган. (Sod 29-oyat.).

Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин.

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا

Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар. (Niso 82-oyat.).

Мана, ўн тўрт аср  ўтаётган бўлсада, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато  жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт ва табииётга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.

Қуръонни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони Каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.

«Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар». Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: «Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас», дея олмайди.

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا

Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари» бордир?!. (Muhammad 24-oyat.).

Бу ердаги баъзи мунофиқларнинг дилларида, эҳтимол, келажакда имон келтириш ниятининг ўзи йўқдир. Балким уларнинг дилларига Аллоҳ “имон келтирмайди” деб муҳр босиб қўйгандир, дейилмоқда. Қуръон оятлари ҳақида фикр юритишга ҳам ўша муҳрланган қалбларда салоҳият бўлмаслиги мантиқ юзасидан барчага маълум .

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз. (A’rof 204-oyat.).

Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар.

Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. Ҳар бир мўмин-мусулмон Қуръони Карим тиловати қулоғига тушиши билан Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги амрини эсга олиб, дарҳол уни тинглаши ва жим туриши вожиб.

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Top