muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 31 Январь 2017 00:00

Яхши сўзнинг гадоси

Юрт тинчлиги, осмон мусаффолиги, турмуш фаравон, қут-баракали эканлиги ва турли табиий офатлар, кўнгилсиз ҳодисаларнинг йўқлиги, ушбу юртдаги оилаларнинг тинчлиги, ўзаро меҳр-муҳаббатли ва улар ўртасидаги силаи-раҳмнинг борлигида десак, асло муболаға бўлмайди.

Аммо баъзи бир оилаларни кўрамиз ёки эшитамиз-ки арзимас сабаб ила ажралиш ёки хотинига “талоқ” қўйиш ҳолатлари учраб турибди. Энг афсусланарлиси, бу ҳолат кейинги вақтларда кўпайиб бормоқда.

Эр-хотин орасидаги муомала аввало, муҳаббат, севги, раҳм-шафқат асосида бўлиши талаб этилади. Шунинг учун ҳам, баъзи тушунмовчилик туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: “Шўринг қурсин! Оила муҳаббат учун қурилмаганми? Риоя қани? Масъулият қани? деб қаттиқ танбеҳ берган эканлар.

Исломда никоҳ Аллоҳ таолонинг исми ва Пайғамбаримизнинг суннатлари ила қурилган муқаддас риштадир. Шундай экан, уни шунчаки ёки арзимас сабаб ила бузиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик  қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Айбсиз инсон, жумладан, хато қилмайдиган аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таоло аёл кишини ўзига хос табиат билан яратган. Аёл киши хотин бўлиши, она бўлиши ва бу заифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Шунинг учун ҳам, аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур. Бунинг акси ўлароқ, унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага келган. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юз ва ундан ҳам ортиқ эркак киши кўтара олмайдиган нарсани кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги аниқ. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим.

Шунинг учун юқорида келтирилган ҳадисда аёлларга доимо яхшилик қилинг дейилмоқда. Халқимизда ушбу маъно “аёл киши яхши сўзнинг гадоси” деган ҳикматли сўз билан ифода қилинган. Бундан аёл кишига нисбатан унинг муомаласига қараб эмас, балки, доимо яхши муносабатта бўлиш кераклиги келиб чиқади.

Шунинг учун, аёлдан содир бўладиган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, унинг бошқача бўлиши учун уриниш маслаҳат берилмайди. Балки аёл табиатига мансуб нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал бўлади. Ана шунда уриш-жанжаллар камаяди, оиланинг бузилиш хавфи йўқолади. Акс ҳолда: “уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан”, дейилмоқда. Аёл кишидан содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилаш учун уриниш яхши натижага олиб келмайди, балки оила бузилиши мумкин.

Демак, аёл кишидан содир бўлган, бўладиган камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эрнинг вазифасидир.

Аёл кишига доимо яхшилик қилиш, унга гўзал муомала қилиш ҳақида динимизда тавсиялар жуда кўпдир. Муқаддас манбаларда эрларга хитоб қилиб, аёлларингиз билан доимо яхшиликда яшангиз, деган амр маъносидаги оятлар бор. Бу эса, яхши муомала, озор бермаслик, ҳаққини поймол қилмаслик, ширинсўзлик, қилган яхшиликларни миннат қилмаслик кабиларда намоён бўлади.

 

Ў. МАҲМУДОВ,

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари.  

                       

 

Яқинда Миср Араб Республикаси Вақф ва дин ишлари вазири Доктор Муҳаммад Мухтор Жума “Терроризм ва экстремизмга қарши кураш маркази”ни ташкил этиш лойиҳасини тасдиқлади.

Вазирлик баёнотида, Марказнинг асосий фаолияти – терроризм ва экстремизм ғояларига қарши йўналтирилган комплекс илмий тадқиқотлар ва китоблар тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда бағрикенглик ғояси ва тинчликни мустаҳкамлаш масаласини илгари суриш, шунингдек, Ислом динини турли туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоялаш мавзуида семинарлар ва симпозиумлар ўтказиш, дейилади.

Маълумот учун, жорий йилнинг март ойида, марказ томонидан “Террорчиларнинг ботил ғоялари ва уларнинг кирдикорлари” номли илк китоб нашрдан чиқиши кутилмоқда. 

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Илёсхон АҲМЕДОВ

тайёрлади

Вівторок, 31 Январь 2017 00:00

Исм қўйиш одоби

Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ, янги туғилган фарзандга ота-онаси ўзларига ёққан исмни танлашлари ва туғилгандан сўнг етти кун мобайнида қўйишлари лозим. Исм қўйиш вақтида боланинг ўнг қулоғига “Азон”, чап қулоғига иқомат (такбир) айтиш керак.

Машҳур ровийлардан ибн Ас-Сунний Ҳасан ибн Алидан ривоят қилиб, айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата: “Янги фарзанд кўрган киши унинг (янги фарзанднинг) ўнг қулоғига “Азон”, чап қулоғига “Иқомат” айтсин. Шундан сўнг унга ҳеч қандай ёвуз кучлар зарар қилмайдилар”, дедилар.

Янги фарзанд кўрган ота-оналар, исм қўйиш тартибини яхши биладиган бирон кишини ёки ўз масжидларининг имомини таклиф қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда имом янги фарзандга Аллоҳ таолодан узоқ умр, бахтли ва самарали ҳаёт, ўз халқига, ватанига ва динига фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишини сўраб, дуо қилади.

Исм қўйиш маросими ҳеч қандай зиёфат талаб қилмайди. Аммо, агар бу маросим “Ақиқа” маросими билан бирга, яъни, бола туғилганидан сўнг еттинчи кунида ўтказилаётган бўлса, у вақтда зиёфат Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига мувофиқ адо этилган бўлади.

Олимхон тўра ўғли Шайх Юсуфхон Шокировнинг

“Ислом ақида, ибодат ва ҳаёт тарзи” китоби асосида

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ

тайёрлади.

Вівторок, 31 Январь 2017 00:00

“Шероз – Ислом ёшлари пойтахти”

Шу йилнинг 3-4 февраль кунлари Эрон Ислом республикасининг жанубидаги Форс вилоятидаги маданият ва ёшлар маркази раҳбари ноиби Али Ризоий “Шероз – Ислом олами ёшлари пойтахти” мавзуида тадбир ўтказилишини маълум қилди.

Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва эронлик масъул шахслар иштирок этиб, Шероз шаҳрининг тарихи, санъати, маданияти ва келгуси тараққиёти тўғрисида ўз фикрларини билдиради.

Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туркиянинг Истамбул шаҳрида ўтказган III анжуманида Шероз шаҳрига “Ислом олами ёшлари пойтахти” деган мақомни берган эди. Шу сабабли тадбирда “Шероз – Ислом ёшлари пойтахти” байроғи баланд кўтарилади.

 

                                  Халқаро алоқалар бўлими.

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида Франциядаги Лувр Ислом обидалари музейи билан ҳамкорликдаги музейнинг очилиши режалаштирилмоқда.
Жакартада жойлашган Исломшунослик тадқиқотлар маркази бўлим раҳбари Аҳмад Шудрий: “Мазкур Ислом музейи Жакартадаги Ислом маданияти тараққиётини ўзида акс эттиради, биз Франциядаги Лувр Ислом обидалари музейининг музейлар ташкил этишдаги тажрибасига таянган ҳолда, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик, деди.

Ушбу музей шу йилнинг охирида мамлакат пойтахтининг шимолида очилиши кутилмоқда.  

                                                                                 Илёс Аҳмедов тайёрлади 

Top