МАҚОЛА

Қандай қилиб Аллоҳнинг тавфиқига лойиқ бўла оламиз? (1 қисм)

Аллоҳ таолонинг бандасига тавфиқ берганининг аломатлари:

- Аллоҳ уни одамларга паногоҳ қилиб қўяди.

- Одамларнинг ғамини аритадиган қилиб қўяди.

Қарздорларнинг қарзини тўлаб берадиган, қайғуга чўмганларга ёрдам берадиган, мазлумларнинг қўлидан тутадиган, адашганларни қутқарадиган, маслаҳатга муҳтожларга маслаҳат берадиган, осийларни тўғри йўлга бошлайдиган қилиб қўяди. Шуларнинг бари бизда мужассам бўлса нақадар яхши!

Айрим одамлар Аллоҳнинг бандага тавфиқ бериши унга дунё эшиклари кенг қилиб очиб қўйилишида намоён бўлади, деб ўйлашади. Дин ва охират ишига қанчалик даражада эътибор бериш-бермаслигининг бунга дахли йўқ, деб билишади. Аслида эса бунинг ҳақиқатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича очиб берганлар: “Аллоҳ орангизда ризқни тақсимот қилганидек, ахлоқни ҳам тақсимот қилиб қўйган! Аллоҳ мол-давлатни Ўзи яхши кўрганига ҳам, яхши кўрмаганига ҳам беради. Лекин иймонни фақат яхши кўрганларигагина беради. Аллоҳ қайсики бандани яхши кўрса, унга иймонни туҳфа этади”.

Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тавфиқ” бу Аллоҳ сени ўз ҳолингга ташлаб қўймаслигидир. “Хизлон” эса ўз ҳолингга ташлаб қўйишидир”.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳолига ташлаб қўймасликни дуо қилиб сўрашга ўргатганлар: “Мусибат етган киши қуйидагича дуо қилсин: Ё Аллоҳ, раҳматингдан умидворман, мени кўз очиб юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма, ҳамма ишимни Ўзинг ислоҳ эт, Сендан ўзга илоҳ йўқ!”    

Аллоҳнинг тавфиқига эришишни истасангиз, Аллоҳга итоат этинг, буйруқларига амал қилинг. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръонда айтадики: "Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир" (Аҳзоб сураси, 71-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Аллоҳ бандага яхшиликни раво кўрса унга амал қилдиради". Саҳобалар: "Қанақа амал қилдиради?" деб сўрашди. У зот: "Унга ўлими олдидан солиҳ амал бериб қўяди (ва шу амали устида жонини олади. Атрофидаги одамлар буни кўриб) ундан рози бўладилар (Аллоҳнинг ҳузурида унга гувоҳлик берадилар)".

Ҳар ишингизда сабабларни амалга ошириш билан бир қаторда Аллоҳга таваккал қилинг. "Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман" (Ҳуд сураси, 88-оят).

Аллоҳ бандага тавфиқ берса уни танлаб олади ва унга яхшилик эшикларини муяссар этади.

Ниятингизни Аллоҳ учун холис қилинг, Одамлар сизни мақташига, уларни лол қолдиришга интилманг. Риё, ужуб ва бошқа бузуқ амаллардан эҳтиёт бўлинг.

Аллоҳнинг динини ўрганинг ва чуқур тушунишга интилинг, зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динни яхши тушунадиган (фақиҳ) қилиб қўяди", деганлар.

Яхшиликни ёйишда, Аллоҳга даъват этишда, одамларни ислоҳ этиш йўлида саъй-ҳаракат қилинг. Чунки Аллоҳ таоло бир оятда: "Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва "Албатта мен мусулмонларданман!" деган кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!" (Фуссилат сураси, 33-оят) дея марҳамат қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: "Ким яхшиликка далолат қилса, унга бажарувчисининг ажричалик ажр бўлади", деганлар.

Дунёни бутунлай унутиб қўймаган ҳолда, асосий ғам-ташвишингизни охиратингизга қаратинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига тўқликни (бойликни) солиб қўяди, кўнглини хотиржам қилиб қўяди, унга дунё хоҳламаган ҳолда келади".

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1249 times

Мақолалар

Top