Мақолалар

Билмаганимизга эргашмайлик

Кўнглида кири бор кимсалар инсониятнинг эзгу мақсадларни кўзлаб яратган кашфиётаридан ғаразли мақсадда фойдаланмоқда. Масалан, интернет орқали қанчадан қанча инсонларнинг онгини заҳарлаб келаётган каслар кам эмас. Афсуски, ана ўшаларнинг таъсирида кўплаб ёшлар бузғунчи ҳаракатлар қурбони бўлиб, дин душманлари қуролига айланиб қолмоқда. Охир-оқибат, уларнинг тарғиботларига учиб ўз дини, диндошлари, халқи ва ўзи туғилиб ўсган Ватанига қарши исён қилишгача бориб етмоқдалар.

Динимиз таълимотида инсон қайси манбадан, қандай маълумотни олишидан қатъи назар уни текшириб кўриши, асл моҳиятини тушунишга ҳаракат илиши лозимлиги айтилган. Аллоҳ таоло: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида ар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36) дея бизни ҳушёрликка чорлаган. Биз ана шу хитобга қатъий амал қилмоғимиз лозим.

Эшитган гапига ишониб кетаверган киши, дўсту душманнинг фарқига бормайдиган нодонга айланиб қолади. Буни Хожа Самандар Термизий  чиройли тарзда қуйидагича ифодалаган:

 Душман сўзларига ишонган киши,

Пушаймон тортишдир оқибат иши!

Ва яна Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимауллоҳ: “Дин-бу илмдир, уни кимдан олаётганингизга қаранг”,  деганлар.

Инсон агарда дин илмини ўзлаштирмоқчи бўлса уни дуч келган одамдан ёхуд манбаси номаълум ижтимоий тармоқлардан эмас, балки ишончли манбалардан олмоғи зарур. Соғлом эътиқод нафақат шахснинг баркамоллиги, балки жамиятнинг барқарор бўлиши учун ҳам жуда муҳим. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади.

Динни ниқоб қилиб олган шахслар эса, фақат ғаразли мақсадларига етиш ниятида бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқда, бузғунчиликлар қилмоқда. Аллоҳ таоло эса ўз китобида бузғунчиларни севмаслигини, Ислом дини – тинчлик дини эканини айтган.

Ўзларини Ислом дини ҳимоячилари деб атаётган кимсалар мудҳиш ишлари Ислом динига зид эканини била туриб ўзлари қилган қўпорувчилик, қотилликлар акс этган видео лавҳаларни интернетга жойлаштириб бутун дунёга кўз-кўз қилмоқда. Яна шу қилмишларини тўғри тўғри дея даъво қилмоқда. Улар Қуръони карим оятлари ёки ҳадиси шарифларни ўз мақсадларига мослаб далил қилиб кўрсатмоқда. Аслида у оятлар ва ҳадиси шарифларнинг мазмун-моҳияти, нозил бўлиш сабаблари, улардан тушуниладиган маъно бутунлай бошқача. Улар бирор оятни ўқиб олиб, мазмунини тушунмасдан кўр-кўрона адашиб кетмоқда.

Биз Ўзбекистон фарзандлари ана шундай шахсларнинг алдовлари, домига тушиб қолмаслигимиз лозим. Бунинг учун эса албатта оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата олишимиз зарур. Кимнинг бизга нимани ўргатмоқчи бўлаётганига диққатли бўлмоғимиз даркор. Зеро, донишманд боболаримиз айтганидек, ҳамма илмлар \ам фойдали эмас, фойдали илмнинг топа билишнинг ўзи ҳам бир илмдир.

Ватан келажаги бизмиз! Уни асраб-авайлаш ва янада тараққий эттириш бизнинг вазифамиз. Шундай экан, Ватанимизни кўз қорачиғимиздек асрайлик!!!

Хосиятбону РАҲИМЖОНОВА,

Хадичаи Кубро билим юртининг 2-курс талабаси

Read 6170 times

Мақолалар

Top