Мақолалар

“Унинг ақли қандай?”

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) деди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бир кишини мақтаб, у тўғрида яхши гапларни гапиришди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унинг ақли қандай?” дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз ибодати, фазли ва хулқини мақтаяпмиз”, дейишди. У киши: “Унинг ақли қандай? Аҳмоқ аҳмоқлиги билан фожир қилмаган ишни қилиб қўяди. Одамлар алдамчи нарсаларга ақллари даражасига кўра яқин бўладилар”, дедилар». Бизга Жоруд ва Абу Толиб Ҳиравий Абдулҳамид ибн Абдулазиз ибн Раводдан, у Марвон ибн Солимдан, у Сафвон ибн Амрдан, у Сурайҳ ибн Убайд Ҳадрамийдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирор кишининг қаттиқ ибодат қилаётгани хабари келса, унинг ақли ҳақида сўрардилар. Агар: “Яхши”, дейишса, у киши: “Шундай бўлишини умид қиламан”, дердилар. Агар яхши дейишмаса, “Етолмайди”, дердилар. Кейин Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) айтди: “У кишига саҳобаларидан бирининг қаттиқ ибодат қилаётганини айтишди. У киши унинг ақли ҳақида сўрадилар. Улар: “Унча яхшимас”, дейишди. У зот: “У сизлар ўйлаган даражага етмайди. Улар фитнага учраганлар, алданганлар. Улар шу каби нарсаларга суяниб қолишган. Одамлар кўнглини хотиржам қилиб, Аллоҳнинг динига яхшиликни бера олишмаган”, дедилар».

Яна шунга мисол: Киши бир кишига васият қилади. Васиятида молидан бир миқдорини садақа қилишни ёзади. Ёки ўша киши моли билан ўз билганича иш қилишини айтади. Васийга: “Ўз билганингча иш қилавер, бу жоиз”, дейди. Бу мавҳум гап. Унга: “Бу шаҳвоний, ҳавога мойил нафснинг қараши ёки ботил билан ҳақни ажрата оладиган афзалини, Аллоҳга ёқадиганини биладиган ақлнинг қараши бўлиши мумкин”, дейилади. Унга айтилган гапдан: “Сен ақлинг билан иш қил, очкўзлигинг, шаҳватинг ва васваса билан иш қилма”, дейиш назарда тутилган бўлади. Васий ўша садақани тарқатаётганида нафси қўшнилари, яқинлари, танишларига беришни истаб қолади. Чунки улардан кейинчалик манфаат келишини умид қилади. Маййитнинг яқинлари, танишлари, қўшнилари эса узоқда қараб қолишади. Маййит яқинлари, қўшнилари, ҳақдорлар ҳақидан сўралади. Шу туфайли қабрида азобланиши мумкин. Бу васий эса, садақани нафси истаган жойга, кейинчалик манфаат ёки мақтов келадиган одамларга тарқатади.

Ҳаким Термизийнинг
“Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси

Read 1592 times

Мақолалар

Top