Мақолалар

Сафарга кетиш ва сафардан қайтишда бажариладиган суннатлар
  1. Сафарга отланаётган киши унинг одобларини ўрганмоғи лозим.

Дастлаб, сафарда ишлатиладиган зарур буюмлар тайёрланади. Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам, ҳазарда ҳам етти нарсани олиб юрардилар. Улар: шиша идиш, тароқ, сурмадон, қайчи, мисвок, игна ва ип”, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам, ҳазарда ҳам беш нарсани олиб юрардилар. Улар: тароқ, сурмадон, ойна, мисвок ва узун дастали илгак[1]”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

 

  1. Сафарга тонгда йўлга чиқиш сафарни баракали ҳамда хайрли бўлишига сабаб бўлади.

Сохр ибн Вадоъа Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бергин”, деб дуо қилардилар” (Имом Термизий ривояти). Сохр розияллоҳу анҳу савдогар бўлганлар ва савдоларини доимо тонгда жўнатар эдилар. У зот бой, давлатманд бўлганлар.

 

  1. Илмли, солиҳ кишиларнинг насиҳат ва дуоларини олиш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сафар қилмоқчи бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, деди. У зот: “Аллоҳга тақво қилишингни ва ҳар бир тепаликка кўтарилганингда такбир айтишингни буюраман” дедилар. У орқасига бурилаётган эди “Аллоҳим, ерни унга яқин ва сафарини осон қилгин” дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Хайрлашаётганда ҳам дуо қилиш хайрли амаллардандир.

Қузъа ибн Яҳё Басрий айтадилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу менга: Кел, сен билан худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан хайрлашганларидек хайрлашаман: “Динингни, омонатингни ва амалинг хотимасини Аллоҳга топширдим”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Уловга минаётганда дуо ўқиш.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқаётганда туяларига минсалар уч марта такбир айтиб, сўнгра: “Бизга буни бўй сундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Албатта, Роббимизга қайтгувчиларданмиз. Аллоҳим, ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Аллоҳим, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоқлигини яқин қилгин. Аллоҳим, сафардаги йўлдош ҳам, хонадонда қолувчи ўринбосар ҳам Ўзингдирсан. Аллоҳим, Сендан сафар қийинчиликлари ва қайғулари, аҳлда ва молда ёмон оқибатлардан паноҳ сўрайман”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Сафар давомида кўпроқ ўзи ва бошқалар ҳаққига дуо қилиш.

Мусофирнинг дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси шубҳасиз ижобатдир. Улар мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосидир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Мусофирлар ораларидан бир кишини ишларни бошқариб турувчи қилиб тайинлашлари керак.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар уч киши сафарга чиқадиган бўлса, улардан бир амир бўлсин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мусофирлар жамоада ўзларига энг зийрак, энг афзал кишини йўлбошчи қилиб таъйинлашлари мустаҳабдир”, деганлар.

Мусофир тепаликка чиқаётганида такбир (“Аллоҳу акбар”) ва ҳамд айтиши (“Алҳамдулиллаҳ”), пастга тушаётганда тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”) айтади. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда сафарга чиқардик. Агар тепаликка кўтарилсак такбир айтардик. Тушганда эса тасбеҳ айтардик” (Имом Аҳмад ривояти).

  1. Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла бахра ололмайди. Агар сизлардан бирингизнинг (сафарда) истаги ҳосил бўлса, бас, у оила-аҳлига шошилсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД

[1] Бу илгак ёғоч ёки темирдан ясалган бўлиб, сочни текислаш ва бошка нарсаларда ишлатилади.

Read 786 times

Мақолалар

Top