Мақолалар

Қайтар дунё

Қайсидир китобда ўқиганим қуйидаги ҳикоя хаёлимдан кетмайди:

Бир эркак аёли билан жанжаллашиб қолиб, жаҳл устида бир-икки марта урди. Тақдирни қаранг, аёли тўсатдан жон таслим қилди. Эр қўрқиб кетиб қаттиқ пушаймон бўлди. Чунки ўлдиришни асло истамаган эди. Хотинининг яқинлари энди ундан қасос олиши аниқ. Нима қилсин? Ўйлаб-ўйлаб, ҳар қандай чигал ва қийин ҳолатдан ҳам чиқиб кета оладиган маккор бир одамнинг ҳузурига борди. Унга бўлган воқеани сўзлаб бериб, вазиятдан чиқиш йўлини сўради. Маккор кимса айёрона маслаҳат беради:

Ҳа, вазият оғир, лекин бир йўли бор. Сен бирорта кўркам, ёш йигитни алдаб уйингга чақир-да, уни ўлдир. Сўнг аёлингнинг жасадини ёнига киритиб қўй. Хотинингнинг қариндошлари келишса, мен буларни хиёнат устида тутдим ва жаҳл устида иккисини ҳам ўлдирдим, дейсан!

Қотил эркак маккор кимса айтганидек қилди. Аёлининг қариндошлари келиб, иккита мурдани кўриб, айб ўз ожизаларида деб тушуниб, ҳеч нарса дея олмай, бошлари эгик ҳолда қайтиб кетишди.

Кеч бўлгани сабаб маййитларни қабрга эртаси куни қўядиган бўлишди.

Ўша куни маккор кишининг ёлғиз ўғли уйига келмади. Фарзандининг бундай одати йўқ эди. Унинг кўнглига ғулғула тушиб, қаттиқ безовта бўла бошлади. Бир нохушликни кўнгли сезгандай, миясига қотилнинг ёнига бориш фикри келди. Уни топиб, нималар қилганини сўради.

  • Айтганингиздек қилдим.
  • Қани, менга ўша йигитнинг жасадини кўрсат-чи? – деди у.

Қотил уни уйига олиб кириб мурдани кўрсатди. Ўша бахтиқора йигит маккорнинг ўғли эди. Фарзанд ўз отасининг қабиҳ ҳийласи ила ўлдирилганди!..

“Бировга чоҳ қазима, ўзинг тушасан” деб бежиз айтишмаган. Шеърдаги ушбу сатрлар жуда тўғри айтилганига амин бўласан:

Бировга чоҳ қазмоқ нодонлар иши,

Дерлар заҳар солмоқ чаёнлар иши.

Жафо қилса, жафо топгай ҳар киши,

Азалу абаддин қайтар дунё бу!

 

Анвар ҒУЛОМОВ,

меҳнат фахрийси

Самарқанд шаҳри

Read 925 times

Мақолалар

Top