Мақолалар

Расуллар алайҳиссаломлар ризқ талаб қилишда ўрнакдирлар

Аллоҳ азза ва жалла расулларни халққа ибрат қилиб юборган.

Бизга ривоят қилинган хабарда айтилишича:

Идрис алайҳиссалом тикувчи бўлган;

Нуҳ алайҳиссалом дурадгор бўлган;

Ҳуд алайҳиссалом тожир бўлган;

Солиҳ алайҳиссалом тожир бўлган;

Шуъайб алайҳиссалом тожир бўлган;

Мусо алайҳиссалом чўпон бўлган;

Довуд алайҳиссалом темирчи бўлган;

Марям алайҳассалом қил ва жун йигирувчи бўлган;

Ҳавво алайҳассалом қил ва жун йигирувчи, тўқувчи бўлган;

Муҳаммад алайҳиссалом чўпонлик қилганлар.

Уларнинг қилган ишлари ҳақидаги ушбу хабарлар Китобда айтилган нарсаларнинг ҳақиқат эканини таъкидлайди. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ талаб қилганларини ва пайғамбарликнинг аввалида тижорат қилганларини айб санашган. Шундан Аллоҳ таоло қуйидагиларни нозил қилган:

«Улар дедилар: «Бу не расулки, таом ейди, бозорларда юради?! Унга бир фаришта туширилсайди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди».

Яъни унга нима бўлдики, ризқ талаб қилади?

Бошқа бир оятда уларга жавоб қилиб деган:

«Сендан олдин юборган расулларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар...»

Расулимиздан ва набийлардан – ҳаммаларига Аллоҳнинг салавотлари бўлсин – хабар бериб айтадики, бу уларнинг ишидир. Улар Аллоҳдан умидвор бўлиб, ризқ талаб қилурлар. У зотнинг бозорларда юришлари ризқ талабида бўлмаганда эди, улар ажабланмас эдилар.

Агар «Пайғамбарликни етказиш учун юрганлар», дейдиган бўлсанг, мен айтаманки, бундан таажжубланишларида қандай маъно бор? Яна хазиналарни зикр қилишнинг ва егулик ейиладиган жаннатнинг нима маъноси бор?

Батаҳқиқ, аҳли тафсирлар ушбу оятни «ризқ талаб қилиш» дея таъвил қилганлар.

"Касбнинг баёни" китобидан.

Read 563 times

Мақолалар

Top