Мақолалар

Фарзанд тарбиясида 700 сабоқ: Она сути – 6-сабоқ

Қизимни туғилганидан бошлаб то сутдан ажрагунча ҳар эмизганимда “Бисмиллаҳ” деб Аллоҳни зикр қилишга одатлангандим. “Бисмиллаҳ”ни айтганимдан сўнг “Аллоҳумма баарик ланаа фийҳи ва зиднаа минҳу” яъни “Аллоҳим, бизларга бу (сут)ни баракали қилгин ва уни бизга зиёда қилгин” деб дуо қилардим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Кимни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир таом билан таомлантирса, “Аллоҳим, бу таомни биз учун баракали қилгин ва ундан яхшироғи билан бизни ризқлантиргин” деб дуо қилсин ва кимни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сут билан чанқоғини қондирса, “Аллоҳим, бизларга уни баракали қил ва ундан бизга зиёда қилиб бер” десин. Зеро, мен ҳам таом ва ҳам ичимликнинг ўрнини босадиган сутдан бошқа нарсани билмайман”.

Шу ҳадисга мувофиқ мен ҳар сафар боламга кўкрак тутсам, “Бисмиллаҳни” айтишни канда қилмасдим ва албатта ушбу дуони айтардим. Бу амални кичик санамасдан, сусткашлик қилмасдан бардавом қилиб бордим. Натижани қарангки, Аллоҳнинг фазли ила фарзандим ҳар таом еганда ёки сув ичганда биров ўргатмаса-да “Бисмиллаҳ” дейдиган бўлди. Субҳаналлоҳ, қаранг, болам хали икки ёшга тўлмасдан туриб, ҳар таом еганда ёки ичимлик ичганда Аллоҳнинг исмини зикр қиладиган ва бу ишни гўё рефлекс каби доим такрорлайдиган бўлди.

Бу фикримни эшитгач, кўплаб оналар таажжубланишди. Кейин улар ҳам ушбу амални ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, сўзимнинг тўғрилигига ўз ҳаётий тажрибаларида амин бўлишди.

(Тарих ва тазкира китобларидан аввалги ўтган уламолар, улуғ зотларнинг болалик даврларини мутолаа қилар экансиз, уларнинг оналари болаларини бетаҳорат эмизмаганларини, бебисмиллоҳ кўкрак тутмаганларини, баъзилари ҳатто болаларини “Ёсин” ва бошқа сураларни тиловат қилган ҳолда эмизганларини ва шу орқали фарзандларига сут билан бирга илоҳий нурнинг ҳам киришига сабабчи бўлганларини кўришингиз мумкин. Бугунги кундаги ёш оналаримизнинг мана шу нарсага аҳамиятли бўлишлари, эринмасликлари, бардавом бўлишлари келажакда фарзандларининг буюк инсонлар бўлиб етишишларига асосий сабаблардан бўлса ажаб эмас. Таржимондан).

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1484 times

Мақолалар

Top