Мақолалар

Менинг онам сенинг онангдан бой

Мактабда ўқувчи бир бой қизча камбағал дугонасига қарата дебди: Менинг онам янги машина сотиб олди, чунки у сенинг онангдан бой-да!

Онам ишдалик вақти бизга кўз-қулоқ бўлиши учун янги энага олиб келди, чунки онам сенинг онангдан бой-да!

Онам биз учун моҳир ошпаз ёллади, у бизга энг зўр таомларни тайёрлаб беради, чунки менинг онам сеникидан бой-да!

 Онам касал бўлганимизда қараш учун шифокор олиб келди, чунки онам сенинг онангдан бой-да!

Яна онам бизга янги мударрис ҳам олиб келди, у бизга дарсларимизни тайёрлашда ёрдам беради. Кўряпсанми, онам онангдан бой!

Камбағал қизалоқ унинг гапини шартта бўлиб, дебди: Онам ўз қўли билан бизга энг мазали таомларни пишириб беради, бизга ўзи ғамхўрлик қилади, касал бўлсак ўзи парваришлайди, дарс тайёрлашимизда ўзи бош-қош бўлади. Онамнинг меҳрга тўла қалби менга етарли!

Онам биз тўйганимизга ишонч ҳосил қилиш учун биздан ортган овқатларни ейди. Бизга юмшоқ нон бериб, ўзи қотган нон ейди. Бизга дори беради, ўзининг касаллигини эса яширади. Бизга янги кийимлар олиб беради, ўзи эса эскирган поябзалини таъмирлаб юради…

Кечирасан, дугонажон! Онам сенинг онангдан анча бой!

Шундай қилиб бу ақлли қизалоқ бой дугонасига умрбод унутмайдиган қилиб дарс бериб қўйибди…

Бир киши шундай ҳикоя қилади: Оилам даврасида ўтириб, уларга тақдимот маросимимда бўлган ноқулай вазият ҳақида айтиб бераётган эдим. "Тақдимотимни эндигина намойиш этаман деб турганимда устимга қаҳва тўкилиб кетса бўладими!", десам, ҳаммалари: "Эҳ, нима қилиб қўйдингиз?!" дейишди. Фақат онамгина мендан ташвишланиб: "Ўзингга ҳеч нарса қилмадими?" дедилар.

Ё Аллоҳ, барча оналарни ҳифзу-ҳимоянгда сақла! Уларни сира мусибатга дучор қилма!

Бу дунёда онадан бошқа сизга бутун меҳр-муҳаббатини, соғлиги-ю умрини бағишлаб, эвазига сиздан ҳеч нарса кутмайдиган инсон йўқ.

Онанинг бағри хотиржам бошингизни қойишингиз мумкин бўлган энг эмин жойдир!

Онангиз сизни чақирса, ака-укаларингиз ичидан айнан сизга хизмат айтса (иш буюрса), билингки, Аллоҳ сизни ибодатга чорлабди!

Бир дўстимнинг ёши кекса онаси бор, у нуқул бошқа болалари қолиб дўстимни мақтайверарди, дўстим унинг зиёратига келса ёки у билан гаплашса хурсанд бўлиб кетарди. Ҳолбуки, бошқа фарзандлари уни ҳурматини жуда жойига қўйишарди, яхши қарашарди, лекин негадир унинг қалби айнан шу ўғлига боғланган эди. Мен қизиқиб, дўстимдан бунинг сабаби ҳақида сўрадим. У айтдики: “Муаммо шундаки, ака-укаларим онамнинг ҳарактерини билишмайди, улар онам билан бирга ўтириб суҳбатлашишса, улар гаплашадиган мавзулар онамни зериктиради. Негаки, онам бошқа кексалар каби аёллар ҳақида, ким эрга тегди-ю, ким ажрашди, фалончи билан фукунчининг тўйи қачон бўлди, деганга ўхшаш мавзулар ҳақида гаплашишни яхши кўрадилар. Мен аслида бу каби мавзуларни бефойда деб ҳисоблайман, бироқ онамга у ҳақда қайта-қайта гапириш қизиқарли туюларди, шунинг учун ҳам мен шу мавзулар ҳақида улардан сўрасам, бошқа ака-укаларим бермаган қувончни мендан туярдилар. Онам билан бирга ўтирсам, шунақа мазвулар ҳақидаги ҳисларини қўзғатардим ва улар бундан шодланардилар. Ака-укаларим эса бунақа гап-сўзларни эшитиб ўтиришга тоқат қила олишмасди ва онамга қизиқ бўлмаган бошқа хабарлар ҳақида гапира кетишарди. Шу сабаб онам улар билан ўтириб зерикар, менинг суҳбатимдан эса қувонардилар”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

  

Read 1094 times

Мақолалар

Top