Мақолалар

Расулуллоҳни кулдирган бадавий

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга ўтирардилар. Шу пайт бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига савол сўраб келди.

Саҳобалар бадавийлар савол сўрашса жуда хурсанд бўлиб кетардилар. Чунки бадавийлар саҳобалар тортинган саволларни беришдан асло уялмасдилар.

Аъробий: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга яхшиликни ўргатинг”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан ушлаб туриб: “Субҳаналлоҳ валҳамдулиллаҳ ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айт” дедилар.

Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бадавийнинг қўлидан ушлаб сўзладилар. Бирор кимса билан гаплашаётганда суҳбатдошнинг қўлидан ушлаб ёки елкасига қўлни қўйиб сўзлаш жуда таъсирли услуб саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саволга жавоб беришга шошилмадилар, балки олдин бадавийнинг қўлидан тутиб, кейин жавоб бердилар.

Бироз ўтиб, ҳалиги бадавий бир тафаккур қилиб яна қайтиб келдида: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Субҳаналлоҳ валҳамдулиллаҳ ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва: “Агар “Субҳаналлоҳ” десанг, Аллоҳ таоло “рост сўзладинг” дейди, “Алҳамдулиллаҳ” деб айтсанг, Аллоҳ “рост сўзладинг” деб айтади, “Лаа илаҳа иллаллоҳу” десанг, Аллоҳ “рост сўзладинг” дейди, “Аллоҳу акбар” деб айтсанг, Аллоҳ таоло “рост сўзладинг” деб айтади. Агар “Аллоҳуммағфирлий” деб айтсанг, Аллоҳ “кечирдим” дейди, “варҳамний” десанг, Аллоҳ “раҳм қилдим” дейди, “варзуқний” деб айтсанг, Аллоҳ “ризқлантирдим” деб жавоб беради”, дедилар.

Аъробий бармоқлари билан етти нарсани санадида, сўнг яна ортига қайтиб кетди.

Яна бошқа ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога каломларнинг энг севимлиси тўрттадир: Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”;

“Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ушбу зикрларни айниқса бомдод намозидан сўнг қуёш чиққунига қадар 100 маротабадан айтишнинг ажру мукофоти ниҳоятда катта. Улкан савобларга, гуноҳларнинг кечирилишига ва бошқа фойдаларга эриштиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Ё Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканининг хабар беринг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ушбу тўрт зикр “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”ни айтишга кўп билан бор йўғи 10 сония (секунд) кетади. Аммо Аллоҳ таоло бу зикрлар сабабли ризқингизни қанчалик кенг қилади. Кўпчилик ризқ деганда, фақатгина моддий бойликни тушунади. Аммо намозингизни адо этишингиз, уйга соғ-омон қайтиб боришингиз ва аҳли аёлингиз сизни хурсанд ҳолда кутиб олиши, Қуръони каримдан бир оят бўлса ҳам ўқий олишингиз ҳам Аллоҳ берган ризқдир.

“Субҳаналлоҳ валҳамдулиллаҳ ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳуммағфирлий варҳамний варзуқний”....

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзини кўп зикр қилувчи зокир бандаларидан қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1218 times

Мақолалар

Top