Мақолалар

Тарбиячиларни тарбияланг

Кичик ўғлим 3 ёшга тўлганда унинг ётоғини алоҳида қилмоқчи бўлдик. Лекин бу бироз қийин бўлди. Чунки ўғлимиз бошқа хонада ётса, қўрқиб йиғлаб чиқарди. Бир соат ҳам ўтмай яна олдимизга чиқиб келарди. Ҳар қанча тушунтирсак ҳам тушунмасди.

Кейин фарзандларимни йиғдим-да уларга “Укаларингиз сизлар билан бир хонада ётгиси келмаяпти. Барибир бизнинг олдимизга кириб оляпти. Нима қилсак бўлади?” деб маслаҳат солдим. Катта қизим “Онажон, бу масалани менга қўйиб беринг” деб масъулиятни бўйнига олди.

Кечқурун ўғилчамизни акаларининг эмас, катта опасининг хонасига киргазиб юбордим. Кейин ўрнимга ётиб ҳали замон йиғлаб чиқиб келса керак деб кута бошладим. Орадан ярим соат, бир соат вақт ўтди. Лекин уйимиз жимжит. Йиғи овози йўқ. Кўзимга уйқу келишга улгурмасдан ўғлимнинг йиғисидан уйғониб кетишга ўрганиб қолган эканман шекилли, хавотир олиб ўрнимдан турдим. Қизимнинг хонасига секин бордим. Эшикни қия очиб қарасам, ўғлим жим ётибди. Қулоқ солсам, қизим укасига пайғамбарлар қиссаларидан айтиб бераяпти. Секин эшикни ёпиб жойимга бориб ётдим. Ўғлим эрталабгача йиғламасдан ухлади.

Кейинги кунлари қизим укасини “Ким биринчи ухлаш” мусобақаси каби турли ўйинлари билан қизиқтириб ухлата бошлади. Бориб-бориб ўғлимиз алоҳида ухлашга ҳам ўрганди.

Мен қизимдан жуда мамнун эдим. Оила даврасида ўтирганимизда уни дадасига мақтадим. Кейин берган ёрдами учун бағримга босиб, юзидан ўпиш билан мукофотладим. Қўшимчасига олдиндан тайёрлаб қўйган ҳадямни унга тақдим қилдим. Қизим қувончи ичига сиғмай: “Онажон, мен учун сизнинг қучоғингиз ҳар қандай ҳадядан афзал” деди. Қизим эндигина ўн беш ёшга тўлган бўлса ҳам, бу қадар маъноли гапирганига, нафақат менинг, балки дадасининг ҳам бошлари кўкка етди.

(Кичик ёшдаги фарзандларимизни тарбиялашда уларнинг опаларидан, акаларидан фойдаланиш яхши самара беради. Бу билан ҳам катта ҳаёт бўсағасига яқинлашиб қолган фарзандларимизни катта ҳаётга тайёрлаган бўламиз, ҳам кичик фарзандларимизни уларга энг меҳрибон бўлган жигарлари қўлига топшириш билан хотиржам бўламиз. Бунинг яна бир эътиборга молик жиҳати шуки, бу услуб билан болаларимизнинг кичиклари катталарини ҳурмат қилишни ўрганади ва биз вафот этиб кетганимиздан кейин ҳам уларнинг ўртасидаги силаи раҳм ришталари Аллоҳнинг изни ила бардавом бўлади. Тарж.)

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 577 times

Мақолалар

Top