Мақолалар

Бой берилаётган инсонийлик

Интернет – чинакам мўъжиза. Имкониятлари жуда кўп. У орқали дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан бир зумда огоҳ бўламиз, таълим оламиз, ҳунар ўрганамиз, дўстлар орттирамиз ва ҳоказо. Мен интернетдан чиройли гуллар ясаш, ҳар хил либослар бичимини ўрганиш мақсадида фойдаланаман. Афсус, бу воситани ўзининг енгил-елпи, ҳавойи ҳаёт тарзи йўлида қўллаётганлар ҳам йўқ эмас: интернетда ур-йиқит, ўлдириш-сўйишдан иборат воқеалар акс этган фильмларни соатлаб томоша қилиб, қотиллик, хиёнат, ёт маданиятни онгига сингдириб олмоқда улар. Ўз жонига қасд қилишдек оғир гуноҳни содир этаётган ёшлар қаердан пайдо бўляпти? Албатта, буларнинг ҳаммаси виртуал оламга нотўғри ёндашув оқибатида келиб чиқяпти.
Уч-тўрт йил бурун қиш куни бир ит кимсасиз далага ташлаб кетилган чақалоқни топиб, ўз соҳибининг уйига тишлаганча кўтариб келгани ҳақидаги хабарни ўқиб, даҳшатга тушгандик. Маълум бўлишича, ўткинчи ҳисга алданган қиз “хато”сини шу йўл билан яширишга уринган. Ушбу шармандали ҳолат қандай юз берди? Нега ёшлар, айниқса, қиз бола ҳисларини жиловлай олмади? Биринчи сабаби гуноҳ ишдан қўрқмаслик бўлса, иккинчиси, ўзи ва оиласи шаънини ўйламасликдир. Бунга тошюраклик, шафқатсизлик ҳам қўшилди. Ҳайвонда бор раҳмдиллик инсонда топилмади... Ҳа, уят, андиша, ор-номус, меҳр-шафқат ҳисси унутилган жойда ҳар нарсани кутиш мумкин. Айтиш жоиз, инсоний туйғулардан узоқлашиш лаҳзада содир бўлмайди. Оилада фарзанднинг хулқ-атворидаги ўзгаришларга эътибор қаратилмадими, телефон “тарбиячи”лик вазифасини бажара бошладими, бунга замин ҳозирланди, деяверинг.
Айрим қизлар телеграмда йигитлар билан соатлаб ёзишиб ўтиради. Аммо бундан ота-оналар бехабар.
Қизининг интернетда нима билан машғуллигини текшириб ҳам кўришмайди.
Маънисиз, ҳою ҳавас, нафсга эрк берадиган машғулотлар қалбни ўлдиради, иймонни сусайтиради. Шайтоний йўлларга рағбат уйғотади.
Бугунги кунда онгга интернетчалик кучли таъсир кўрсатадиган омилни топиш қийин. Чунки телефон экранига михланиб қолган баъзи ёшлар онгига қанчалаб салбий таъсирларни сингдираётганидан бехабармиз. Улар ножўя ишга қўл урганда эса бу ҳодиса қандай юз берганини тушунолмай ҳайрон бўламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратиб, бундай деганлар: “Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир” (Имом Бухорий ривояти).
Унутмайлик, айни кучга тўлган, ҳар бир ҳаракатида ғайрат ва шижоат сезилиб туриши керак бўлган навқирон авлоднинг беҳуда, зарарли машғулотларга чалғиши энг катта имкониятни исроф қилиш демакдир. Бундан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқаришимиз зарур.

Камола АВАЗОВА

Read 541 times

Мақолалар

Top