Мақолалар

Аллоҳ яхшилик қилувчиларни суяди

Аллоҳ яхшилик қилсангиз ҳеч қачон унутмайди!

Ёхуд ғам-ташвишдаги инсоннинг ташвишини аритсангиз буни асло унутмайди!

Ёки нимадандир маҳзун бўлиб ўтирган одамнинг қалбига қувонч олиб кирсангиз ҳам, буни Аллоҳ унутмайди, асло зое қилмайди!

Ҳаётингизни "Яхшилик қилиб яша, гарчи мукофот ёки раҳмат эшитмасанг ҳам!" шиори устига қуринг.

Шунда сиз одамлар учун, улардан раҳмат эшитиш учун амал қилмайсиз, балки Аллоҳ яхшилик қилувчиларни суйгани учун қиласиз.

Бирор кимга яхшилик қилсангиз, ундан узоқлашинг, уни хижолатга қўйманг, раҳмат айтишини талаб қилманг.

Яхшилик қилганингиз заҳоти ундан юзингизни буринг, токи унинг хижолатли юз ифодаси кўзингиз олдида қолиб кетмасин!

Ахир Аллоҳ таоло айтади-ку: "(Мусо) икковининг ҳайвонини суғориб берди, кейин ортига қайрилиб сояга кетди" (Қосос сураси, 24-оят).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу оятда "Кейин кетди", демади! "Кейин ортига қайрилиб кетди", деди.

Шу каби сиз ҳам яхшилик қилиб, сўнгра ортингизга қайрилиб кетинг, токи қалбингизга сиздаги ҳамма нарса Аллоҳнинг фазли эканини, яхшилик қилишга ҳам Унинг Ўзи муваффақ қилганини ҳис этсин!

Кўнглингизга раҳмат эшитиш, мукофот кутиш тамаъси ўтириб қолмасин!

Саховатли Зотнинг мукофоти сизга етарлидир!

"(Мусо) икковининг ҳайвонини суғориб берди, кейин ортига қайрилиб сояга кетди" (Қосос сураси, 24-оят). Бу оятга қаранг, Мусо алайҳиссалом бир лаҳзада қилган яхшилигини Аллоҳ таоло Қуръонда келтириб, қиёматгача зикр этиладиган қилиб қўйди. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Бир ит қудуқнинг атрофида айланиб юрарди, сувсизликликдан ўлар ҳолга келганди, шу вақт уни Бану Исроиллик бир фоҳиша кўриб қолди, аҳмоқлигини қўйиб туриб, қудуқдан сув олди-да унга ичирди ва шу иши сабаб кечирилди" (Имом Муслим ривояти).

Яхшилик қилиш учун узоқ реъжа тузиб, пайт пойлаб ўтириш шарт эмас!

Яхши ишга қўл урасиз, холис ният қиласиз ва Аллоҳдан қабул этишини сўрайсиз!

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадисда у зот айтадилар: "Ҳар бир мусулмон зиммасида садақа бордир". Саҳобалар: "Ё Набийюллоҳ, буни топа олмаган одам-чи?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Иш қилиб, ўзига фойда келтиради ва садақа қилади", дедилар. Саҳобалар яна сўрашди: "Бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?" У зот алайҳиссалом: "Ҳожатманд, қийин аҳволдаги одамга ёрдам беради", дедилар. Саҳобалар: "Буни ҳам қилолмаса-чи?" дейишди. У зот алайҳиссалом: "Яхшиликка буюриб, ёмон иш қилишдан тийилсин. Мана шу у учун садақа бўлади" (Имом Бухорий ривояти).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 647 times

Мақолалар

Top