Мақолалар

Аллоҳ кўриб турибди...

Кўп болалар дангаса бўлишади. Айниқса уй вазифаларини тайёрлашга келганда ўзларини уёқ-буёққа ташлаб кунни кеч қилишади. Шу сабаб отам бизни қаттиқ назорат қилардилар. Ишдан қайтишларида қўллари биз ёқтирадиган ширинликлар билан тўла бўларди. Лекин уларни ичимиздан фақатгина вазифаларини тайёрлаб бўлганларимизга берардилар. Агар ким уй вазифаларини охиригача бажармаган бўлса ёки Қуръондан дарсини ёд олмаган бўлса, ширинликдан қуруқ қоларди. Агар уйқу вақтигача тайёрлаб улгурса, дадам ширинликлардан олишга рухсат берардилар.

Лекин эътиборли жиҳати шундаки, дадам бизнинг дафтар, китоб ёки кундаликларимизни қўлларига олиб текширмасдилар. “Тайёрлаб бўлдик” деган гапимизга ишониб ширинликлардан истаганимизча бераверардилар. Аммо ҳар сафар ширинликлардан қўлимизга ҳовучлаб тутқаза туриб “Биламан сизлар мени алдамайсизлар, чунки мени алдасанглар ҳам Аллоҳ кўриб турибди, ростдан ҳам дарсларингиз тайёрми ёки йўқми, Аллоҳ билади” деб қўярдилар.

Бизга бу гаплари жиддий таъсир қиларди. Бир-икки марта вазифаларимни чала тайёрлаб ширинликлардан олганман. Кейин кўнглим роса хижил бўлиб юрган. Шунинг учун дарсимизни тўлиқ бажарганимизга ишончимиз комил бўлмагунча дадамнинг олдиларига бормасдик. Чунки биз Аллоҳ бизни кузатиб турганини, рост гапирсак ҳам, ёлғон гапирсак ҳам Аллоҳдан ҳеч нарсани яшира олмаслигимизни билардик.

Оддий уй вазифаларида одатланган ишимиз кейинчалик бошқа ишларимизда ҳам риоя қилинадиган хислатга айланди. Бирор ишни ҳали айтилганидек қилиб улгурмаган бўлсак, қилмадик дердик, тамом. Ҳар хил важ-карсонлар кўрсатиб вазиятдан чиқишга уриниш одати йўқ эди бизда. Инсонда болаликдан “Аллоҳ кўриб турибди, Аллоҳ билиб турибди” деган эътиқод шаклланса, бу нарса уни кўплаб ёмонликлардан, нафсига қул бўлишдан сақлаб қолар экан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 699 times

Мақолалар

Top