Мақолалар

Шаҳару қишлоқда динимиз бир хил

 Аллоҳ таоло бандаларига инъом этган катта неъмат муқаддас Ислом динини

мукаммал қилиб берганидир. Раббимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳажжатул вадода турганларида нозил қилган ушбу оятда бундай дейди: “Бу кун динингизни камалотга етказдим, неъматимни тамом қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).

Ушбу диннинг мукаммал эканини Аллоҳ айтяпти. Бундан аён бўладики, динга ҳеч қандай қўшимчалар киритиш, уни такомиллаштиришга уринишга ҳожат йўқ.

Лекин, афсуски, ана шу ишга беҳуда ҳаракатлар кўп бўляпти. Биз ана шундай “янгиликлар” – бидъат-хурофотларни таниб,

билиб олишимиз ва улардан эҳтиёт бўлишимиз баробарида бошқаларни ҳам улардан огоҳлантиришимиз керак.

Вазият тақозоси билан туман марказидаги хонадонлардан бирига жаноза маросимига хизматга бордим. Мени маййит ётган хонага бошлаб киришди. У ерда 40–45 ёшлардаги хонадон соҳибаси, 60–65 ёшлардаги онаси,

90 ёшлардан ошган бувиси ўтирганди. Марҳум уй эгасининг 18 ёшли ўғли эди.

Йигитча туман марказидаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқир, қон касалидан даволаниб юрар эди. Маййитнинг яқинларига таъзия билдириб, уларга сабр тилаб тургандим, хонага айюҳаннос солиб 50 ёшлардаги қўшни аёл кириб келди. У нуқул: “Вой-дод, дастингдан дод, бу ёшгина йигитда нима қасдинг бор эди?! Сенга нима ёмонлик қилувди, нега унинг жонини олдинг?!” деб тиззаларига муштлай

кетди. Табиийки, жисмининг бир парчаси – боласидан айрилиб, қалби изтиробга

тўлиб турган аёл ҳам, қариндошлари ҳам

унга қўшилиб қий-чув қилиб, уввос солиб йиғлай бошлашди. Вазият бошқариб бўлмайдиган даражага етди. Шунда ҳалиги

қўшни аёл: “Болажонга куёвлик насиб қилмади, йигит бўлиб бир қиз сочини силаёлмай кетди. Армон бўлмасин, ёр-ёр айтиб, уни “куёв” қилайлик. Чимилдиқ ва янги кийимларини олиб келинглар”, деди. Бир пасда қўшни хонадан хонадон соҳибаси ва синглиси чимилдиқ, янги оппоқ кўйлак,

қоп-қора костюм-шим, дўппи, туфли олиб чиқди. Ҳалиги аёл қўлида иккита мих ва болғача билан деворга чимилдиқ қоқишга киришиб кетди. Вазият ўта қалтис, бир оғиз ноўрин сўз азадорларнинг дилини ранжитиб қўйиши мумкин. 90 ёшлардан ошган, чайиргина бувига: “Онажон, умрингиз давомида келин ёки куёв бўлмай дунёдан ўтганларни кўрганмисиз?” деб юзландим. Онахон: “Икки нафар укам, бир қизим ҳам чимилдиқ кўрмай ўтиб кетишган”, деди. Мен: “Онажон, уларни ҳам кийинтириб, чимилдиққа киритиб, “келин-куёв” қилиб, ёр-ёр айтиб, кейин кўмганмисизлар?” деб сўрадим. Онахон: “Йўқ, болам, бу нимаси?!” деди. Фурсатдан фойдаланиб: “Нега унда чеварангизга бундай қилишларига йўл қўйиб беряпсиз?” дедим. Онахон: “Биз қишлоқда яшаймиз, шаҳарнинг удуми шунақа деб ўйлабман-да, болам”, деди.

Мен эса дин, шариат ҳукми ҳамма мусулмонларга бир хиллигини тушунтирдим.

Кийим кийдираман, деб маййитга озор бериш мумкин эмаслигини, бу ишнинг бидъатлигини, бидъат эса залолатга бошлашини тушунтирдим. Аллоҳга шукр, қалби очиқ инсонлар экан, тушунишди. Бидъат-хурофотга йўл қўйилмади, Аллоҳ тавфиқ берди. Ўзи барчамизни тўғри йўлда собит қилсин!

 

Нозбуви ТЕМИРОВА,

Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

 "Мўминалар", 4-сон, 2023 йил

Read 548 times

Мақолалар

Top