Мақолалар

Ҳаётимни ўзгартирган жавоб

Нисо сурасининг 43-оятида Аллоҳ таоло: “Эй, иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда – то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча – намозга яқинлашманг...” деб марҳамат қилади. Бир куни шу сурани тинглаб туриб ушбу ояти каримада зикр қилинган “Сукаароо” сўзининг маъносини тушунмадим. Қулоғим шу сўз бошқача жаранглаб эшитилди. У пайтлар ҳали ёш бола эдим. Дадамдан бу сўзнинг маъносини сўрадим. Отам мени ёнларига ўтқазиб Ислом дини келишидан олдинги жоҳилият даври, ундан кейинги даврлар, маст қилувчи ичимликларнинг босқичма-бочқич ҳаром қилиниши ва ушбу оятда келган “сукаароо” сўзи ҳақида батафсил тушунтириб бердилар. Гапларининг охирида “Баракалла, ўғлим, сен берган бу савол катта одамлар берадиган савол ҳисобланади, сенинг ёшингдаги ҳамма болаларнинг ҳам бундай савол беришга ақллари етавермайди” деб мақтаб қўйдилар. Ўша лаҳзада мен ич-ичимдан қувондим. Дадамнинг мақтовлари мени руҳлантириб юборди. Ўшандан кейин мен диний масалаларга, оят ва ҳадисларда келган сўзларнинг маъносига кўпроқ қизиқадиган бўлдим.

Кейин билсам, ўша саволимга дадамнинг берган жавоблари  ҳаётимда туб бурилиш ясаган экан. Қизиқишларим кундан-кунга ўсиб бораётганини кўрган дадам мени диний таълим берадиган мадрасага ўқишга бердилар. Аллоҳнинг тавфиқи ила ҳозирда диний соҳада хизмат қиламан. Бунинг учун отамнинг ҳақларига доим дуо қиламан. Балки ўшанда дадам мени баъзи оталар каби “Э қўйсангчи, ўғлим, бошимни оғритма, катта бўлсанг билиб оласан” деб жеркиб берганларида ҳозир мен диний соҳага умуман қизиқмаган бўлармидим. Оталарнинг фарзандга берадиган эътиборлари куни келиб ўз мевасини албатта беради. Лекин аксинча, болалар, айниқса ўғилларнинг саволларига, уларнинг қизиқишларига беэътиборлик кейинчалик ёмон оқибатларга олиб келиши турган гап.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 944 times

Мақолалар

Top