Мақолалар

Қўлдан қўймай ўқиладиган китоб

Китоб жавонингизга

Ёмғир қақраб ётган ерни яшилликка буркагани, сўлаёзган ниҳолни қайта жонлантиргани сингари яхши китоб, гўзал асар ҳам инсоннинг маънавий ташналигини қондиришда бебаҳо дурдонадир. Одамнинг қорни бир коса овқатга тўйиши мумкин, лекин мутолаадан “тўйган” инсон бўлмаса керак. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга фақат бир нарсанигина зиёдасини сўрашни таълим берган – «Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!» (Тоҳа сураси, 114-оят).  

Яқиндагина нашрдан чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлининг “Мустажоб дуолар. Мўътабар замонлар. Муборак манзиллар” китобини ўқиган ҳамда уққан киши юқоридагидек фикрга келиши тайин. Чунки китобнинг “Дуоси мустажоб зотлар” деб номланган I бобида кимларнинг дуоси ижобат бўлиши ояти карима ва ҳадиси шарифлар асосида тарихда бўлиб ўтган ҳамда бугун ҳам Аллоҳнинг эрка бандаларининг муножотлари шаксиз ижобат бўлаётгани аниқ мисоллар асосида баён қилинган.

Шуларни мутолаа қилган ўқувчи ҳам улуғларимиз йўлидан бориб, дуолар ижобат бўлиши учун қандай йўл тутиш кераклигини ўрганиб олади ва шунга интилади.

«Мисрлик бир киши 33 йилдан бери узлуксиз ҳар йили ҳаж қилар экан. Саудиялик бир таниши ундан бунинг боиси ва ҳикматини сўрабди. Шунда ҳалиги киши анча йиллар олдин, йўллар бугунгидек текис ва равон бўлмаган бир пайтда 8–10 киши бўлиб умрага кетаётиб, бир кампирга автоуловнинг олд ўриндиғидан жой бергани, у онахон эса: “Эй Аллоҳим! Бу банданг мендек бир кекса қулинг озор чекмай сафар қилиши учун ўзининг роҳатидан кечди. Сен бу йигитга умри давомида ҳажни муяссар айла!” деб қилган дуоси туфайли Раббим менга ҳар йили ҳажни муяссар айлаяпти”, дебди».

Китобдаги ана шундай гўзал сатрларнинг тагини чизиб ўқиш ўқувчига ўзгача шавқ-завқ беради. Шу билан бирга, ўзи ҳам ҳар йили ҳаж қилаётган йигит каби ўзгалар кўмагига шошилади.

“Маккадаги дуо қабул бўладиган жой ва вақтлар”, “Мадинадаги дуо қабул бўладиган жойлар” ҳамда “Дуо ижобатига тўсиқ бўладиган сабаблар” деб номланган II, III ва IV бобларда Каъбатуллоҳнинг фазилатлари, Мақоми Иброҳим, Сафо ва Марва оралиғидаги саъй, Мино, Арафот, Муздалифа каби муқаддас масканлар, Масжиди Набавий устунлари жуда гўзал тарзда ифодаланганки, ўқувчи буларни ўқиб ўзини гўё ўша жойлардагидек ҳис қилади. Қайта-қайта муқаддас масканларни ва у ерларда ибодат қилишни соғинаверади.

Китобда муҳтарам Юртбошимизнинг 2022 йилда Саудия Арабистонига ташрифи давомида умра ибодатини адо этгани, Каъбаи муаззаманинг ичига киргани, у ерда Ватанимиз истиқболи, халқимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб дуо қилгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи мубораклари зиёрати қаламга олинган.

Китобнинг V бобида тонг маҳали ва тунда ўқиладиган дуолар ҳам саҳиҳ ривоятлар асосида арабчалари, ўқилишлари ва маънолари келтирилгани бу китоб кечаю кундуз ўқувчининг қўлидан тушмай мутолаа қилинадиган асар бўлганидан дарак. 

Аллоҳ таоло ушбу китобни муборак ва манфаатли қилсин. Муаллифига садақаи жория сифатида то қиёматгача тўхтовсиз савоблар ёзилиб туришини насиб айласин.

Толибжон НИЗОМ

Read 413 times

Мақолалар

Top