muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 26 Январь 2017 00:00

Зикр – унутишнинг давоси

Бу ҳангомани кўпчилик эшитган чиқар. Хуллас, бир маст одам ўзининг соясиданми, бошқа бирор шарпаданми қўрқиб, кўнглига ваҳима тушибди-да Аллоҳга ёлвора бошлабди: “Ё Парвардигор, шу балодан қутқазсанг, ароқни қайтиб оғзимга олмайман”. Бир амаллаб ёруғроқ жойга чиқиб қараса, ҳеч нарса йўқ эмиш. Хатардан холи эканига ишонч ҳосил қилиб олгач: “Одам мастликда нималар демайди”, дермиш.

Бу ҳангома давраларда кулги учун айтиб юрилган эса-да, унинг замирида катта ҳикмат бор. Буни билган билади – билмаган кулиб юраверади...

Бинобарин, одамзод яралибдики, кўплаб одамлар қаттиқ қўрққанида ёки қийин вазиятга тушиб қолганида Роббимизни хотирлаб Унга ялвориб қолади.

“Қачонки, инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир...” (Юнус сурасининг 12-ояти)

Олимлар инсон калимаси арабча “нисён”дан олинган дейдилар. Албатта, бизга Роббимиз берган ҳар хусусиятнинг ўзи ҳикмати бор. Шунингдек,  унутиш ҳам ўрнида бўлса, инсонга фойдали бўлади. Фақат асл вазифамизни унутсак ва Ундан хабарсиз яшаб умр ўтказсак, бу – биз бандаларнинг фалокатимиз, заҳматимиз бўлади.

“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир” (Оли Имрон сурасининг 185-ояти), дейилади оят каримада.

Инсоният тарихида бу ҳақиқатни инкор этувчи кимса бўлмаган. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига ана шу ҳақиқатни эслатиб қўйиш учун элчилар юборган. Сўнгги пайғамбари Муҳаммад Мустафога (с.а.в) туширилган Қуръони каримда: “Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини билмас” (Луқмон сурасининг 34-ояти), дея марҳамат қилиб ўлимга ҳар доим тайёр туришимиз лозимлигини таъкидлаган.

Қуръони карим оятларининг асосий мавзуси Роббимизни ва Роббимиз қошига борадиган кунни ҳар доим хотирда тутишимиз ва шунга кўра ҳаётимизни яшамоғимиз кераклигидир.

Дунёни Роббимиз яратди ва ихтиёримизга берди. Фақат муайян бир вақтга қадар... ва ана шу вақт давомида ундан гўзал бир шаклда фойдаланишимизни истади. Унга буткул соҳиб бўлишимиз мавзусида сўз юритмади. Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай амр қилдилар: 

“Дунёда бир ғариб, ҳатто йўловчи каби бўл! Оқшомга етганингда тонгни кутма. Тонгга етганингда оқшомни кутма! Саломат кунларингда хасталанадиган вақтинг учун, тириклик чоғингда ўладиган вақтинг учун тадбирли бўл!” (Бухорий, Термизий, ибн Можа)

Вақти-вақти билан бизлар ҳам бу дунёнинг абадий эмаслигини, бунда меҳмон эканимизни, асл юртимиз охират дунёси эканини сўзлаймиз. Сўзлаймиз-у, фақат бу кўпчилигимиз учун сўз ҳолида қолади. Аксаран дунё ҳаётини фаровон кечириш учун югуриб-еламиз ва шу тариқа умримиз ниҳоясига етади.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда:

“Расулуллоҳ ерга бир неча чизиқлар чиздилар ва уларни кўрсатиб: “Булар инсоннинг истак ва орзулари, буниси унинг ажалидир. Инсон орзулар қанотида яшаб юраркан, бир қараса, уларнинг энг яқини бўлган ўлим чизиғининг қаршисида турган бўлади”, дедилар (Бухорий).

Ажал ҳар доим ортимиздан қувиб юргани ҳолда дунёдан орзу-ҳавасларимиз шу қадар кўпки, улар бизни ҳақиқатдан чалғитиб юборади. Баъзан бирор киши вафот этганда озгина сергак тортгандек бўламиз. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаммасини унутиб яна орзуларимиз ортидан югуриб кетамиз. Ҳолбуки, Аллоҳнинг Расули: “Завқларни пичоқ билан кесгандек кесинг, ўлимни кўп эсга олинг!” (Термизий, ибн Можа) деганларини биламиз.  

“Дунё сўнггига қараб бошини олиб кетмоқда. Охирот эса жадаллаб биз томонга келмоқда. Инсонлар орасида дунёни истаганлар ҳам, охиратни истаганлар ҳам бор. Сиз охиратни истаганлар сафида бўлинг. Эрта-индин деманг. Бугун ҳисоб куни эмас, иш кунидир. Аммо эртага иш куни бўлмайди, фақат ҳисоб куни бўлади”, дедилар ҳазрати Али розияллоҳу анҳу.  

Маҳалламизда тўрт-беш одам эрталаб йиғилишиб олади-да қош қорайгунча нарда ўйнайди. Ўтиб-қайтганда уларга раҳмим келиб: “Геморай орттириб оласизлар”, дейман. Ҳазилга йўйиб қўл силтаб қўйишади. Оҳ, агар шу одамлар шунча кўп вақтини илмга, ибодатга ёки бошқа савобли ишларга сарфлаганида қандай яхши бўларди, деб ачинаман. Зотан, бошқаларни ғийбат қилиб вақт ўтказиш, нарда, қарта ўйнаб вақтни бой бериш ақлли одамнинг иши эмас. Ақли бутун одамнинг қўли иш билан, тили ва қалби зикр билан машғул бўлади. Зотан, зикр – унутишнинг ягона давосидир. Қанча кўп зикр этсак, шунча кўп эслаймиз ва фазилатли инсонлар қаторига қўшиламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ, 

журналист

Ислом – бағрикенглик дини. У одамларни миллати, ранги, касбу машғулоти, қандай динга эътиқод қилишидан қатъи назар, Аллоҳ яратган мавжудотларнинг улуғи сифатида ҳурмат-эҳтиром қилишга чақиради.
Ушбу тўпламга киритилган илмий изланишлар муаллифлари бағрикенгликнинг моҳиятини ёритиш билан бирга, кўпмиллатли Ватанимизда айни борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларнинг ибратли натижаларини далиллар билан шарҳлаганлар.

Четвер, 26 Январь 2017 00:00

Музей қайта тикланди

2014 йилда Мисрда содир этилган теракт натижасида, Ислом санъати музейининг ташқи кўриниши ва ундаги икки юзга яқин экспонатга шикаст етган эди. Ўтган давр мобайнида, музей биноси қайта таъмирланиб, экспонатлар реставрация қилингач, музей яна ўз фаолиятини бошлади.

Таъмирлаш ва тиклаш ишлари халқаро ЮНЕСКО ташкилоти, БАА, Швейцария, АҚШ ва Италия ҳукуматлари томонидан  молиялаштирилди. Музейдаги жами 179 та экспонат қайта таъмирланди.

Маълумот учун, Ислом санъати музейи 1903 йили очилган бўлиб, унда 4000 та экспонат сақланади. Уларнинг айримлари, 1300 йил олдинги тарихий ашёлар ҳисобланади. 

Моҳира ЗУФАРОВА

 тайёрлади.

Сурия, Ливан, Миср ва БАА каби араб мамлакатларида Қуръони каримнинг турли рангдаги нашрлари кенг тарқалмоқда. Бу бир қатор уламоларнинг салбий фикр ва эътирозларини келтириб чиқармоқда.

“Ал-Азҳар” Ислом маркази Мисрда бундай ранг-баранг Қуръонларнинг чиқарилишига ва чоп этилишига эътироз билдирди.

Ушбу масаланинг ечимларига бағишланган Миср Ислом тадқиқотлари Ассамблеяси Ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад Тоййиб бошчилигида мажлис бўлиб ўтди.

Йиғилиш якунида рангли қоғозларга Қуръони каримни чоп этиш таъқиқланиши ҳақидаги якдил хулосага келинди. Ассамблеянинг қарорига кўра, Қуръони карим қора ҳарфда, оқ қоғозга чоп этилиши керак. Ушбу қарор муқаддас китобнинг мавқеини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинди.

 

 

                                                              М.Зуфарова

тайёрлади

Яқинда Миср араб республикасида, мисрлик ёзувчи Муҳаммад Абдулазиз Юнус қаламига мансуб “Қуръони карим элчилари” номли янги китоб нашрдан чиқди. Ҳажми 192 саҳифадан иборат мазкур китобда, дунёнинг кўзга кўринган, машҳур қорилари: Абдулбосит Абдуссомад, Маҳмуд Халил ал-Хусарий, Муҳаммадсиддиқ ал-Миншавий, шунингдек, икки ҳарами шарифда Қуръон тиловати ва Хатмул Қуръон тадбирларини ўтказишда хизмат қилган етук қорилар, жумладан, Шайх Иброҳим ал-Ахдар, Шайх Аҳмад Ҳижазий, Шайх Заккий Доғистоний,  Шайх Али ибн Абдурроҳман ал-Хузайфий, Шайх Али Абдуллоҳ ал-Жобир ва шу каби машҳур қориларнинг яшаш тарзи ва ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар берилади.

Ушбу китоб, яқинда Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтадиган 48-халқаро китоб кўргазмасида намойиш этилиши кўзда тутилган.

                                                                    

                                                Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади

Top