www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 26 августь 2019 00:00

Хасисликнинг ноёб кўриниши...

Хасислиги билан ўз замонасида донг таратган бир бадавлат одам бор экан. Бу давлатманд одам энг хасис, энг зиҳна одам сифатида машҳур бўлибди. Бу хасис бир кун жомеъга жамоат билан намоз ўқишга борди. Жомеъда намознинг суннатини ўқиб бўлиб, бирдан: «Уйдаги чироқни ўчирганмидим, ўчирмаганмидим», деб ўйланиб қолди. Шу заҳоти шошилиб туриб, уйига борди. Эшикни тақиллатди. Хизматчи «Ким у?» деб овоз берганида, хасис:
— Тўхта, эшикни очма! Хонамдаги чироқ ёниқ бўлса, ўчириб қўй, ёғи тугаб қолмасин тағин,—деди.
Хизматчи:
— Хўп, афандим, чироқни ўчиришни тушундим, аммо нега эшикни очмайин, тушунмадим, —деди.
Хасис одам:
— Эшикнинг ошиқ-мошиғи едирилмаслиги учун, — деб жавоб берди.
Хизматчи:
— Қойил, афандим, аммо сиз масжиддан бу ерга келгунча пойабзал эскиришини ўйламадингизми?—деди.
Хасис:
— Сен нима, тентакмисан? Мени яхши биласан, масжиддан келгунча пойабзалимни эскиришга қўяманми? Пойабзалимни қўлтиғимга ҳисиб олиб, ялангоёқ келдим, — деди.

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан

Понеділок, 26 августь 2019 00:00

Навоий асарларида мусулмоннинг сифати

Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари ўзларининг беқиёс ижодларида Қуръони карим оятлари ва кўплаб ҳадиси шарифларнинг маъноларини гўзал ва таъсирли тарзда шарҳлаб берганлар. Қуйида у зотнинг ижодларидан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди”.

Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий ҳазратлари шундай шарҳладилар:

Мўмин эмасдур улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай
Токи қардошига раво кўрмас,
Ҳар наким ўзига раво кўргай.

Бу ҳадиси шарифни уламолар Муқаддас динимизнинг мадори бўлган ҳадислардан санайдилар. Чунки, агар жамиятда ҳар бир шахс фақат ўз манфаати учун яшаса, ундай шахсни бошқа махлуқлардан фарқи қолмайди. Эътибор беринг, ҳайвонлар бир-бири билан талашиб ейди, инсонлар, хусусан мўминлар бир-бирларига илтифот билан ейдилар. Бу фақат таом борасида эмас, балки мўмин киши  ҳамма вақт илтифотли, сахий, бағрикенг, қўли очиқ, очиқ юзли ва бошқалар дардига ғамхўр бўлиши лозим. Бошқа байтларида:

Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами

деганлар. Бу ҳам кишини инсонпарварликка чақирувчи, худбинликдан қайтарувчи ҳикматли сўздир. Шу ондан бошлаб қолган умримизни ана шундай ўтказишга ҳаракат қилайлик. Зеро охират мукофотларидан умид қилган мўмин киши халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўяди. Элу юрт манфаати йўлида қилинган ҳар бир эзгу амал Аллоҳнинг ҳузурида ажрсиз қолмайди. Қуръони каримда:

“Албатта, Аллоҳ таоло мўминларнинг ажрларини зое қилмайди” (Оли Имрон сураси, 71-оят) дейилган.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди”, – деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Комил мусулмон қўли ва тилидан мусулмонлар омонликда бўлган зотдир”, – дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий ҳазратлари шундай шарҳлайдилар:

Ким  мусулмонлиғ айласа даво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмон дурурки, солимдир,
Тилию илкидин мусулмонлар.

Бир киши мусулмонман деб жонини фидо қилса ҳам, унинг даъвоси чин эмасдир. Балки тили ва қўлидан одамлар омонликда бўлган, яъни зарар кўрмаган киши комил мусулмондир.

Бу ҳадиси шариф билан пайғамбримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг энг комили – одамларга қўли ва тили билан манфаат етказувчилари эканини баён қилганлар.

Хулоса килиб айтадиган бўлсак, ислом дини инсонни яхшилик ва эзгуликка чорловчи диндир. Мусулмон киши эса, тили ва қўли билан ҳеч кимга озор бермаслиги, балки ҳаммага яхшилик қилиш билан комилликка эришар экан. Аллоҳ таоло ҳаммамизни қўлимиз ва тилимиз билан фақат яхшилик қилишга муваффақ қилсин!

М.Ғаниев,
Қўқон шаҳар «Зинбардор» масжиди имом-хатиби

Жорий йилнинг 21-23 кунлари Чеченистон Халқаро Қуръон мусобақаси ҳам бўлиб ўтди. Унда 25 давлатдан ҳофизи Қуръонлар иштирок этди. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик Нуриддинов Йўлдош қори ҳам қатнашди.

Танлов якунларига кўра биринчи ўринни ливиялик (100 минг Ақш Доллор), иккинчи ўринни яманлик (50 минг Ақш Доллор), учинчи ўринни эса суриялик (25 минг Ақш Доллор) қорилар эгалладилар.

Мусобақа ҳакамлар ҳайъати таркибидан Доктор Айман Рушдий Сувайд (Саудия Арабистон), доктор Моҳир Ҳасан ал- Мунажжид (Индонезия), Содиқ Муҳаммад Али (Яман), Аҳмад Абдулқайюм (Покистон), Саййид Ҳусайн Саййид Иброҳимлар (Чеченистон) ўрин олган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати


Қозоғистоннинг Нур Султон шаҳрида жойлашган кўзи ожиз ва яхши кўрмайдиган фуқаролар учун махсус кутубхонага Брайл алифбосида ёзилган Қуръони каримлар етказилди. Бу ҳақда "Анадолу" агентлиги хабар берди.

Қозоғистон пойтахтида жойлашган Туркия элчихонасининг диний масалалар бўйича бўлими кутубхонага ушбу Мусҳафларни топширган. Қуръони каримни топшириш маросимида Туркия элчихонаси вакиллари ва кутубхона ходимлари иштирок этгани қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Аллоҳ!

Мен ожиз банданг учун қалбимда нур, қабримда нур, қулоғимда нур, кўзимда нур, тукимда нур, теримда нур, гўштимда нур, қонимда нур, суякларимда нур, асаб томирларимда нур, олдимда нур, ортимда нур, ўнг тарафимда нур, чап тарафимда нур, устимда нур, остимда нур қилгин!

Эй Аллоҳ!

Нуримни зиёда этгин, менга нур ато этгин ва мен учун нур қилгин!

Эй Аллоҳ!

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига саловоту салом юборгин!

*****

Инсонларнинг ҳожатларини чиқаришда ўзгача лаззат бор бўлиб, буни фақат тажриба қилиб кўрган одам билади. Шунинг учун яхшиликни — ҳар қанча кичик деб билсанг ҳам — қилавер. Чунки, қайси яхшилик сени жаннатга олиб киришини билмайсан.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ

«Ховатир роқия журнали»

*****

Инсонийлик – баъзиларда ҳатто ҳайвонларга нисбатан жўш уради.

Инсонийлик – баъзиларда эса инсонларга нисбатан ҳам топилмайди.

*****

Ғаройиб дунёда яшаяпмиз.

Камбағаллар таом излаб бир неча мил йўл босишади.

Бойлар овқатни ҳазм қилиш учун бир неча мил йўл босишади.

Нельсон Мандела

*****

Айтаётган гапимнинг одамлар томонидан қабул қилиниши эмас, балки айтаётган гапларим рост бўлиши муҳимдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўғрилар кўчаларда, йўлларда хотиржам юрган бўлса, бунинг иккита сабаби бор:

  1. Ё низомнинг ўзи катта ўғри.
  2. Ёки халқ ўта аҳмоқ.

Ли Куан Ю,

Сингапур собиқ бош вазири

*****

Ҳеч ким бўйни ва қўлларидаги занжирни яхши кўрмайди. Ҳатто ўша занжир олтиндан бўлса ҳам.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Университет таълими кишига ақл эмас, вазифа (ишга жойлашишга имконият) беради.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамларга ишонмасликнинг ортида иккита сабаб бор:

  1. Биз уларни танимаймиз.
  2. Биз уларни таниймиз.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фарзандларингиз қалбига уч нарсани сингдириб боринглар:

  • Узр сўрашни;
  • Муҳаббатни;
  • Ташаккур айтишни.

Чунки жамиятимиз бу нарсаларни эсидан чиқариб боряпти.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қонун – ўлим каби ҳеч кимни истисно қилмайдиган бўлиши керак.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Заиф шахслар ўч оладилар.
  • Кучли шахслар кечирадилар.
  • Ақлли шахслар билмаганликка оладилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Илм – билмаслигингни биладиган бўлишингга сабаб бўлади.

Жоҳиллик эса билмаслигингни билмай юришингга сабаб бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Top