Дунё янгиликлари

Москва муфтийси ёшлар форумида сўзга чиқди

Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Евросиё ёш етакчилар иштирокида “Ёшлар экстремизм ва радикализмга қарши” мавзуидаги III форум бўлиб ўтди. Унда қатнашган Москва муфтийси Ильдар Аляутдинов сўзга чиқиб, Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларни тарқалишининг асосий сабаблари ҳақида гапириб ўтди ва у сўзида: “Ислом дини “тинчлик” тушунчасига йўғрилган. Масалан, биз бир-биримизга “Сизга тинчлик бўлсин” сўзлари билан мурожаат қиламиз, барча нарсадан буюк Зотнинг исмларидан бири “Ас-Салам” –  “тинч”, “тинчлик ўрнатувчи” маъносини англатади”, дея таъкидлади.

Ильдар Аляутдинов ёлғон ғояларнинг тарқалиш сабабларини санаб ўтиб, Ислом ҳақидаги жамият тушунчаларини ва идрок этишининг шаклланишида оммавий ахборот воситалари ролини алоҳида таъкидлади. “Афсуски, одамлар ёлғон маълумотларни жуда тез қабул қилиб олади. Соғлом жамиятни у кўп миллатли, кўп конфессияли ва турли динлар ва маданиятлар қанчалик даражада мустаҳкам боғлангани тушунчаси билан хабардор қилиш керак.

Терроризмнинг тарқалиши бутунжаҳон муаммоси ҳисобланади ва буни бартараф этиш учун ҳар биримиз иштирок этишимиз зарур”, дея ўз чиқишини якунлади.

“Ёшлар экстремизм ва радикализмга қарши” мавзуидаги III форум фаолияти икки кунга мўлжалланган. Унда МДҲ республикалари ва Грузиядан юздан ортиқ вакиллар – илмий ва экспертлар бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг ёш вакиллари  иштирок этмоқда.

 

 

Абдувоҳид  ЖАМОЛИДДИНОВ,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 2540 times

Янгиликлар

Top