Ўзбекистон янгиликлари

Нишонга урилган гаплар: “Намоздаги хушуънинг калити намоздан ташқарида зикрни кўпайтиришдир!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Аёлнинг фитрати

Аёл Қуръон ўқиётган эди. Эри эса унинг тиловатини тинглаб ўтирганди. Аёл “Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверингиз” оятига етганда овозини пасайтирди. Буни кўрган эри табассум қилди. Ҳа, аёлнинг фитрати шунақа! 

***** 

Ҳаром ҳаромлигича қолади, гарчи ҳамма уни қилаётган бўлса ҳам. Ҳеч қачон ҳалол ишдан тўхтамагин, гарчи уни бир ўзинг қилаётган бўлсанг ҳам. 

***** 

Дуо ҳеч қачон қуруқ кетмайди:

ё ижобат бўлади;

ё у сабабли бир ёмонлик қайтарилади;

ёки охиратга захира ажр бўлади. 

***** 

Аллоҳнинг зикри билан тили нам бўлган банда, дили банд бўлган банда зинҳор ва зинҳор ёмонликка қўл урмайди!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

***** 

Одам боласи талаффуз қилиши мумкин бўлган энг яхши сўз “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасидир. Банда шуни доим айтиб юриши керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

*****

Тавбанинг шартлари:

  1. Гуноҳдан тўхташ.
  2. Надомат қилиш.
  3. Гуноҳга асло қайтмаслик.
  4. Ҳақларни эгаларига қайтариш.
  5. Умрининг охиригача бошқаларни ҳам гуноҳдан қайтариш. 

***** 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ яхши кўришимиз учун у зотни кўпроқ танишимиз шартдир! Бунинг учун сийрат китобларини ўқиб, ҳаётларини ўрганайлик! 

***** 

Намоздаги хушуънинг калити намоздан ташқарида зикрни кўпайтиришдир! 

***** 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу момақалдироқнинг овозини эшитдилар ва қаттиқ йиғладилар. Ҳамроҳларидан бири: “Сизни нима йиғлатди, эй Умар?” деб сўради. Шунда у зот: “Бу раҳматининг овози. Азобининг овози қандай экан?!” деб жавоб бердилар. 

***** 

Инсонлардан айбларингга бардош беришларини талаб қилганингдан кўра ўша айбларингни ислоҳ қилишинг яхшидир.

Иброҳим Аккос

***** 

Бола онасидан: “Ичи тўла пули бор сумкангизни ходимингиз ёнида қолдирасизми?” деб сўради.

Она: “Асло уни ходимимга ишониб қолдирмайман” деди.

Шунда бола: “Унда қандай қилиб мени ўша ходимингиз ёнида қолдирасиз?” деди.

Ховатир роқия журнали

***** 

Қаерда бўлсанг ҳам, агар юзингни Роббинг тарафга бурмасанг (намоз ўқимасанг), ҳақиқий хотиржамлик ва чинакам саодатни ҳаргиз топа олмайсан. Бас, шундай экан, Аллоҳга яқинлаш, бахтли бўласан.

 ***** 

Кимнинг гуноҳлари кўп бўлса, одамларга сув улашсин. Аллоҳ таоло чанқаган бир итга сув берган бандасининг гуноҳларини кечирган. Энди мўмин одамга сув берган киши ҳақида нима деб ўйлайсан?!

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Read 2182 times

Янгиликлар

Top