Ўзбекистон янгиликлари

Хабар берганимиздек, бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Декабрь – Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” муносабат билан институт талабалари ўртасида “Қуръон мусобақаси – 2021” кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу мусобақа Диний идоранинг muslim.uz портали орқали онлайн узатилди. 

Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Ҳайдаров иштирокчиларга мувафаққият тилади, Диний идора бўлим мудири Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов мусобақа фаолиятига хайрли дуо қилиб берди.

Мусобақада қориларнинг иштирокини Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, кафедраси ўқитувчилари Исломхон қори Убайдуллаев, Валихон қори Азимбоев, Аҳмадхон қори Рашидов, Абдулбосит қори Қобилов, Элёр қори Аҳмадқуловлар баҳолаб борди.  

Тадбирни Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир қори Рўзиев олиб борди.

Мусобақа мураттаб ва мужаввид йўналишида бўлиб ўтди. Ҳакамлар ҳайъати қориларнинг ҳифз, савт, тараннум ва тажвид йўналишлари бўйича илм ва маҳоратларини баҳолаб бордилар.

Якуний натижага кўра ғолиблар қўйидагича бўлди:

Мураттаб қорилар йўналишида:

1-ўрин: Оятуллоҳ қори Абдуқодиров, 3-курс;

2-ўрин: Аҳмадилло қори Ғофуржонов, 4-курс;

3-ўрин: Сирожиддин қори Шодмонов, 4-курс.

 

Мужаввид қорилар йўналишида:

1-ўрин: Маҳмуджон қори Ашуров, 1-курс;

2-ўрин: Мадумаржон қори Маҳамаджонов, 1-курс;

3-ўрин: Фозилжон қори Акрамов, 3-курс.

Ғолибларга институт раҳбарияти томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо китоблар тўплами топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 920 times

Янгиликлар

Top