Ўзбекистон янгиликлари

Уламоларимиз АҚШдаги овоз бериш жараёнида қатнашди

Аввал хабар берганимиздек, юртимизнинг бир гуруҳ уламолари ватандошларга илмий суҳбат қилиш, уларни ўйлантираётган саволларга жавоб бериш, муборак Рамазон ойи ва ҳайитини бирга ўтказиш мақсадида АҚШга ташриф буюришган эди.  

Бугун, 21 апрель куни мазкур мамлакатнинг Орландо шаҳрида (Флорида штати) Рамазон хайити намозини ватандошлар жамоаси билан кўтаринки ўтказган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов, Аҳмадхон қори Рашидов, Ихтиёр қори Абдураҳмоновлар каби вакиллари Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган сайлов участкасида ватандошлар билан бирга Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича референдумда муддатидан аввал овоз бериш жараёнида фаол қатнашиб, Ватанимиз келажаги ва равнақи учун бефарқ эмасликларини намоён этишди.

Муддатидан аввал овоз бериш жараёнида қатнашган вакилларимиз сайлов участкаси фаолиятини юқори баҳолаб, жумладан, у кундалик иш ва ўқиш билан банд бўлган кўплаб ватандошларимиз учун қулай имконият бўлганлигини таъкидлашди. Уларнинг фикрига кўра, кенг умумхалқ муҳокамаларидан ўтган янгиланаётган Конституция лойиҳаси хорижда яшаётган ҳар бир фуқаро учун ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Уламоларимизнинг АҚШ сафари тафсилотларини кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 692 times

Янгиликлар

Top