Ўзбекистон янгиликлари

Сизга таъзим, устозлар!

Мавлид байрамлари ўтказилаётган айни бир пайтда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида "1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни" муносабати билан "Сизга таъзим, устозлар!" номли тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистонда диний-маърифий соҳада узоқ йиллар давомида хизмат қилган фахрий устозлар, ишчи ходимлар, фахрий имом-хатиблар, билим юртининг ўқитувчи-устозлари ва талаба ёшлари иштирок этди.

Бугунги тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, муҳтарам устозларни, диний таълим соҳасининг фахрийларини эъзозлаш, ҳурмат кўрсатиш, қолаверса, талаба ёшларга уларнинг ибратли ҳаёт йўлини таништириш ва хайрли дуоларини олишдан иборат.

Тадбирни билим юрти мудири Ш.Баҳоуддинов очиб берди ва йиғилганларни мавлиди шариф билан, қолаверса, "1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни" байрами билан табриклади.

Байрам тадбирида узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келаётган билим юртининг бир қатор ўқитувчи-устозлари диний таълим соҳасидаги самарали фаолияти учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мақтов ёрлиғи билан тақдирланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан юртимизда диний-маърифий соҳада хизмат қилган фахрий меҳмонларга байрам муносабати билан "Ардоқли устоз" туркуми асосида миннатдорчилик хати ва эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф қилинди.

Талабалар томонидан ижро этилган нашидлар, шеър ва монологлар, ўқилган саловат ва мавлидлар тадбирга ўзгача файз-шукуҳ баҳш этди.

Файзли байрам тадбири якунида нуроний устозлар ва фахрий меҳмонлар билим юртининг устоз-мураббийлари ҳамда талаба ёшлар ҳаққига хайрли дуолар қилди. Жумладан, бугунги тинч-осойишта ва фаровон турмушга шукрона ўлароқ, талаба ёшларга илм-билим олишда шижоат ва ғайрат қилиш кераклигини таъкидлади.

Билим юрти
Матбуот хизмати

Read 628 times

Янгиликлар

Top