Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Ҳасан Янг Фа Мингнинг Диний идорага ташрифи

2018 йил 12 май куни Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Шайх Абдулазиз Мансур бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар кутиб олиб, ўзаро фикр алмашдилар.

Шайх Абдулазиз Мансур меҳмонларни ташриф билан қутлаб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани ривожлантириш ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, Диний идора фаолияти, диний таълим муассасалари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, жойлардаги калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмий мактаблари фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, жумладан шундай деди:

– Аввало, барчангизни яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этаман. Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой халқлари азалдан ижтимоий-маданий, савдо-сотиқ масалаларида ҳамкорлик қилиб келишган. Буюк ипак йўли орқали икки мамлакат ўртасида амалга оширилган ижобий алоқалар асрлар оша бизни боғлаб келмоқда. Ҳозирда давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожланиб бораётгани – бизни янада яқинлаштирмоқда, бу эса жуда қувонарли ҳол. Ўзбекистон – Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотурий ҳазратларини тарбиялаб, Ислом оламига тақдим этган бебаҳо замин экани маълум. Бугун, бутун ислом олами улар билан фахрланиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

У ўз сўзида давом этиб, ҳозирда Хитойда истиқомат қилаётган мусулмонларга ҳукумат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар ва уларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида ҳам тўхталиб, шундай деди:

–  Хитой кўп миллатли мамлакат бўлиб, ҳозирда 50 дан ортиқ миллат ва элат, турли дин вакиллари истиқомат қилишади. Хитойда 30 миллионга яқин мусулмон бўлиб, асосан уларни хуэй, уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек, татар, тожик, дунсян, салар ва боан каби миллатлар ташкил этади. Мусулмонларнинг деярли ярми Шинжон-Уйғур автоном туманида яшайди. Бугунги кунда Хитойда 30 000 дан зиёд масжид, 10 та Ислом ўқув билим юртлари мавжуд.

Ҳукумат томонидан барча дин ва миллат вакилларига бирдек эътибор берилади. Бағрикенглик ва адолат қонунларда ҳам ўз ифодасини топган.

Барча дин вакилларининг фаолияти Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мувофиқлаштириб борилади. Ислом дини фаолиятидаги ташкилотлар эса Хитой Ислом Ассоцацияси томонидан бошқарилади. Мазкур бошқармада 70 нафарга яқин ишчи ходимлар фаолият олиб боради. Фатво ишларида ҳанафия мазҳабига, ақидада эса мотурудия йўналишига амал қилинади. Хитой Халқ Республикасидаги  мусулмонларнинг 99 % ни ҳанафия мазҳабигилар ташкил этади.

Бугунги кунда олимларимиз халқаро анжуманларда ҳам фаол иштирок этиб келишяпти. Ўзимизда ҳам бу турдаги конференциялар ташкил этилмоқда. Масалан, 2016 20-21-июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур симпозиумда 150 дан зиёд делегатлар иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон вакилларининг иштироки бизни жуда қувонтирди. Келажакда ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликларимиз давом этади, иншоаллоҳ. Биз доим Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликка тайёр эканимизни билдирмоқчиман. Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларидан иборат делегацияни Хитой давлатига таклиф этаман ва кенг қамровли алоқаларни бошлаш ҳар томонлама манфаатли бўлишини билдираман. Сўзимнинг якунида бугунги самимий қабул учун барчангизга ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бугунги мураккаб даврда мўмин-мусулмонлар аҳил-иноқ бўлиб яшашлари, динимизни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, айниқса, экстремистик ғояларга қарши илмий-асосли раддиялар бериш зарурлигини таъкидлади.

Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Халилов давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсади, Ислом маданияти ва маърифатини кенг ёйиш, нодир асарларни жамлаш ва ўрганиш ҳамда мана шундай илмий-маънавий меросни тарғиб этиш орқали Ислом динининг асл моҳиятини бутун дунёга етказиш эканини қайд қилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Баҳром Мамадиев давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилгани, унда Қуръон илмлари, ҳадис, ақида, тасаввуф ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича малакали диний кадрлар тайёрланиши замирида жуда улкан натижаларни мақсад қилинганини билдирди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди. Мулоқот якунида меҳмонларга Диний идора томонидан совғалар тақдим этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2431 times

Янгиликлар

Top