Ўзбекистон янгиликлари

Раҳмат ойида яна бир мега лойиҳа

Ҳурматли порталимиз мухлислари. Бошланган Рамазони шариф барчамизга муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ижодкорларидан Раҳмат ойида яна бир мега лойиҳа.

Навбатдаги лойиҳамиз “Онлайн ифторлик суҳбатлари” деб номланади. Ушбу лойиҳамизда юртимизнинг кўзга кўринган уламоларининг ифторлик маросимларидаги мавъизаларини ижтимоий тармоқ саҳифамиз орқали тўғридан тўғри узатилади.

Маълумки, ифторликка яқин рўзадорнинг дуоси қабул бўлиши ҳадисларда келтирилган. Буни англаган аксарият инсонлар ана шу ғанимат дамларда дуо ва зикр билан машғул бўлади. Энди Сиз ҳам илоҳий раҳмат ёғилиб турган маҳалда уйингизда туриб, Фейсбукдаги саҳифамиз орқали ҳар куни бир олимнинг Рамазонга оид манфаатли маърузасидан баҳраманд бўласиз. Маъруза якунида кўпчиликнинг дуосига қўшилиб, савобга шерик бўласиз.

Ушбу лойиҳани ишга туширишимиздан кўзланган асосий мақсад – Рамазон ойининг ҳар дақиқасини ғанимат билиб, ажру савобга эга бўлиш ва вақтни мазмунли ўтказишдир. Шунингдек, ҳукуматимизнинг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ифторлик маросимини ҳам ихчам, оила даврасида ўтказишни тарғиб қилишдир.

Янги лойиҳа барчамиз учун манфаатли бўлсин!

Эслатиб ўтамиз, бугун “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шариповнинг ифторлик суҳбатларидан баҳраманд бўласиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 2595 times

Янгиликлар

Top