muslim.uz

muslim.uz

  1. Жаннат қаерда?
  2. Жаҳаннам қаерда?
  3. Сидратул мунтаҳо нима?
  4. Ким улар Ҳурун ийн (оппоқ юзли катта ва чиройли кўзли ҳур қизлар)?
  5. Ким улар ал-Вилдон ал-Мухалладун (Мангу ёш болалар)?
  6. Аъроф (Аъроф – жаннат билан дўзахни ажратиб турадиган девор, арасот. Бу жой жаннатга ҳам, дўзахга ҳам кирмаган, яъни вақти-соати келиб, Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритгунга қадар маълум муддат турадиган кишиларнинг жойидир.) нима?
  7. Қиёмат кунининг муддати қанча? 

Биринчи савол: Жаннат қаерда?

Жавоб: Жаннат етти қават осмоннинг юқорисида бўлиб, у етти қават осмондан алоҳида ажрагандир, чунки қиёмат куни етти қават осмон йўқ бўлиб кетади, аммо, жаннат эса йўқ бўлмайди. Унинг шифти аршдир.

Иккинчи савол: Жаҳаннам қаерда?

Жавоб: Жаҳаннамнинг маркази етти қават ер остидадир. Сижжийн деб номланувчи жойда. У баъзи бировлар таҳмин қилганидек жаннатнинг ёнида эмас. Биз яшаётган ер биринчи қават ҳисобланса, ундан ташқари олти қават ер бор. Бу олти қават ер биз яшаётган ернинг тагида алоҳида ажратилган ҳолда мавжуддир.

Учинчи савол: Сидратул мунтаҳо нимадир?

Жавоб: Сидратул мунтаҳо азим дарахт, унинг илдизлари олтинчи осмонда бўлиб, бўйи еттинчи осмондан юқоригача чўзилгандир. Барглари филнинг қулоқларидек, меваси эса катта хумдек келади. Унга тиллодан бўлган парвона (капалаклар) келади ва у жаннатнинг ташқарисидадир. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам у дарахтнинг ёнида ҳазрати Жаброил алайҳиссаломни ўзларининг ҳақиқий суратларида иккинчи маротаба кўрганлар. Ундан олдин эса Маккада Ажёд деб номланадиган жойда кўрган эдилар.

Тўртинчи савол ким улар Ҳурун ийн (оппоқ юзли катта ва чиройли кўзли ҳур қизлар)?

Жавоб: Улар мўминлар учун жаннатдаги завжалардир. Улар инсон ҳам эмас, жинлардан ҳам эмас ва фаришталардан ҳам эмасдирлар. Агар улардан бирон бирлари дунёга боқсалар машриқ билан мағриб оралиғи уларнинг зиёсидан ёришиб кетади. Ҳурун ийннинг маъноси кўзнинг қорачиғининг тим қоралигини, оқини эса оппоқлигини ва кўзларнинг чаросдек катталигини англатади.

Бешинчи савол: Ким улар ал-Вилдон ал-Мухалладун (Мангу ёш болалар)?

Жавоб: Улар жаннат аҳлининг хизматчиларидир. Улар инсон ҳам эмас, жинлардан ҳам эмас ва фаришталардан ҳам эмасдирлар. Улар жаннат аҳлининг энг қуйи даражасидагиларга хизмат қилади.

Олтинчи савол: Аъроф нима?

Жавоб: Аъроф бу жаннатнинг кенг девори бўлиб, унда яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар бўлган мусулмонлар бир муддат қолишади, улар у ерда маълум муддат турганларидан кейин жаннатга киришади.

Еттинчи савол: Қиёмат кунининг муддати қанча?

Жавоб: Қиёмат кунининг муддати бир кун, лекин эллик минг йилга тенг бўлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) миқдори (муддати) эллик минг йилга тенг (бўлган) бир кунда (қиёмат кунида) Унинг ҳузурига кўтарилурлар” (Маориж-4). Ибни Аббос (р.а) деди:“Қиёмат кунида элликта турар жой бўлиб (мавқиф), ҳар бир жойнинг муддати минг йилга тенгдир”.

 

Муҳаммад-Акмалхон Шокиров

Четверг, 02 Февраль 2017 00:00

Мақтанчоқ ўрдак

Бир кўлда мақтанчоқ ўрдак яшар экан. Кунларнинг бирида у атрофдаги қурбақаларга мақтаниб шундай дебди: "Дунёда мендек жонивор йўқ. Чунки мен ҳам сувда сузаман, ҳам қуруқликда юраман, ҳам осмонда уча оламан". Буни эшитиб турган қари тошбақа унга: "Кўп мақтанаверма, ҳой ўрдак, сен сузишни билганинг билан балиқдек суза олмайсан. Югурганинг билан кийикдек югура олмайсан. Учганинг билан бургутдек уча олмайсан. Сен буларнинг ҳаммасини бир ўрдакдек қила оласан, холос", дебди.

Эй инсон, билгинки, ҳар бир одамнинг ўзига яраша қобилияти бўлади. Ақлли одам шу қобилиятни ривожлантириб, ундан ўзи ва бошқалар манфаат кўради. Ақлсиз эса умр бўйи бошқаларга тақлид қилиб, вақтини зое кетказади. 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Шу йилнинг 25 февралидан 3 мартига қадар, Уммон султонлигида, 28-Қуръони карим ва ҳадиси шариф мусобақаси ўтказилади.

Шу муносабат билан ташкилий қўмита, мазкур мусобақани намунали ташкил этиш ва ўтказишга доир масалаларга бағишланган биринчи йиғилишини ўтказди.

Ушбу йиғилишга, Уммон султонлиги Спорт ишлари вазирлиги Лойиҳалар бўлими мудири, бир вақтнинг ўзида мазкур мусобақанинг ташкилий ҳайъати раиси Муҳаммад бин Саъид ал-Манурий раҳбарлик қилди.

Мазкур йиғилишда, мусобақа дастурини ишлаб чиқиш, уни ўтказишнинг техник ва идоравий жиҳатлари ҳамда фахрли ўринларни қўлга киритган ғолибларга мукофотлар ва эсдалик совғаларини тайёрлашга доир мавзуларда ўзаро фикр алмашилди.

Халқаро алоқалар бўлими

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”  муносабати билан ўтказилаётган навбатдаги футбол турнири қизғин давом этмоқда. Жорий йилнинг 31 январь, сешанба куни бўлиб ўтган 3 тур учрашуви ҳам жуда кўтаринки руҳда ўтди. Учрашув кутилмаган натижалар ва бир-биридан ажойиб голларга бой бўлди. Қуйида 3-учрашув натижалари билан танишасиз:

 

Дўстлик

2 - 6 

Бухорий авлодлари

Ҳазрати Имом

7 - 1

Кўкалдош

Минор

4 - 6

Мовароуннаҳр

 

 

Эслатиб ўтамиз, кейинги ўйин жорий йилнинг 3 февраль, жума куни бўлиб ўтади.

 ЎМИ ахборот хизмати

Менинг Бани Умайя ибн Зайдлик – у ер Мадинанинг чекка маҳаллаларидан бири – ансорийлардан бир қўшним бор эди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига тушишга навбатлашар эдик. Бир кун у тушса, бир кун мен тушар эдим. Мен тушганимда ўша кунги ваҳий ва бошқа хабарларни олиб келардим. У ҳам тушганда шундай қиларди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

*     *     *

Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингиз асосланиб бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Агар суннат бўлмаганда, ҳеч биримиз Қуръонни тушунмас эдик.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Қачон ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадисни ривоят қилиб, сўнг бошқа гапни айтсам, қайси осмон мени соялантиради ва қайси ер мени кўтаради?..

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Агар мен муҳаддислардан бирор кишини кўрсам, гўё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирини кўргандек бўламан.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Суннатлар Нуҳнинг кемаси кабидир. Ким унга минса нажот топади. Ким ундан ортда қолса, ғарқ бўлади.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Кишиларнинг ижмоъ қилинмаган фикрларидан сақланинглар. Роббингиздан нозил қилинган Қуръон ва Пайғамбарингиз келтирган ҳадисга эргашинглар. Агар маъноларини тушунмасангиз уламоларингизга ҳавола қилинглар. Улар билан тортишманглар. Албатта, динда тортишиш мунофиқлик қолдиқларидандир.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Мана шу замон каби ҳадис талаб қилишга муҳтож бўлинган замонни билмайман. Бидъатлар зоҳир бўлиб кетди. Кимнинг ҳузурида ҳадис бўлмаса, бидъатларга воқеъ бўлади.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

 Сизларнинг ҳеч бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашишни истамайдими?!

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Мужтаҳид ва муҳаддис имомларга эргашинглар. Чунки улар ўзларининг фойда ва зарарларига қарамасдан нима бўлса ёзадилар. Ўз нафси хоҳишига ва фикрига эргашганлар эса, ўзларинг зарарларига бўлган бирор нарсани хеч ҳам ёзмайдилар.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Агар менинг наздимда ҳадис тасбеҳдан афзал бўлмаганда эди, ҳадис айтмас эдим.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Аллоҳ (розилигини) истаб ҳадис талаб қилган кишидан афзалроқ амал қилган кишини билмайман.

Суфён Саврий раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Ким ҳадис талаб қилса, батаҳқиқ Аллоҳ азза ва жаллага байъат қилибди.

Ибн Уйайна раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Мен ушбу ҳадисларни сенга бекорга, шундоқ айтиб бермоқдаман. Бизлардан бир киши бундан оз нарса учун ҳам Мадинага сафар қилар эди.

Шуъба раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Мен бир ҳадис учун бир неча кеча-кундузли масофага сафар қилар эдим.

Саъид ибн Мусаййаб

Қайси бир сўзим Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келса уни олинглар. Мувофиқ келмаганини тарк қилинглар.

Молик ибн Анас раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Суннатни лозим тутинглар ва ёш фарзандларингизга ўргатинглар. Зеро улғайганда одамларга динни ўргатадиган кишилар ўшалар бўладилар.

Аъмаш раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Энг афзал мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (амалда) йўқ бўлиб кетаётган суннатларини амалга татбиқ қилган кишидир. Эй суннат эгалари (муҳаддислар) сабр қилинглар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ

*     *     *

Мужтаҳидлик даъвосида бўлган қози ва муфтийга ҳукмларга боғлиқ ҳадисларни билиш шарт эканига барча иттифоқ қилган.

Уламолар сўзидан

 

Тошкент ислом институти Диний фанлар кафедраси ўқитувчиси

Фарҳод Жўраев.

 

 

 

 

 

 

Top