Дунё янгиликлари

«CNN»: Тошкентда масжид ва мадрасалар ҳам кўп

АҚШнинг «CNN» ахборот хизмати веб-сайтида жорий йил ноябрь-декабрь ойларида «The Generation Next» телелойиҳасини суратга олиш ишларини ўтказиш учун Ўзбекистонда бўлган телекомпания катта продюсери Том Бушье-Хейснинг мақоласи эълон қилинди, деб хабар беради “Дунё” АА.

Мақолада Ўзбекистон сўнгги йилларда иқтисодий ўсишни бошдан кечираётгани, ўз иқтисодиётини диверсификация қилаётгани ва Тошкент Ғарбдан келган сайёҳлар учун тез орада яна бир машҳур масканга айланиши мумкинлиги таъкидланган.

“Ўзбекистонга ташриф буюрувчиларнинг аксарияти, одатда, Тошкентга эътибор бермасдан, Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта ер денгизигача чўзилган қадимий савдо йўли – Ипак йўлининг бир қисми бўлган машҳур Самарқанд ва Бухоро каби қадимий шаҳарларга саёҳат қилишга ошиқади. Бироқ Ўзбекистон пойтахти ўсишда давом этар экан, у хорижий сайёҳлар учун муҳим манзилга айланиб бормоқда”, - деб ёзади муаллиф.

У кенгайиб бораётган пойтахт кўчаларининг озодалиги, анъанавий ва замонавий меъморчиликнинг уйғунлиги ҳамда Тошкент метросининг бетакрор гўзаллигини алоҳида қайд этган.

“Метро бекатлари шаҳарнинг кутилмаган, аммо сайёҳлар учун бетакрор гўзал диққатга сазовор жойларидир, - дейилади мақолада. – Бутун дунёда ер ости транспорти бекатлари, биринчи навбатда, йўловчи ташиладиган жой бўлиб, улар камдан-кам ҳолларда безатилади. Марказий Осиёдаги илк ер ости бекатлари Тошкентда қурилган. Ўзбекистон пойтахтининг метро бекатлари 1970 йиллар охирида фойдаланишга топширилган. Тошкент метро бекатлари худди санъат галереяларига ўхшайди. Бадиий асарлар, фрескалар ва мозаикалар мамлакат маданияти ва унинг машҳур аждодларини улуғлайди”.

Бош таоми палов бўлган ўзбек миллий ошхонаси хилма-хиллиги ва ўзига хослиги билан америкалик журналистда катта таассурот қолдирди. Муаллиф ушбу таомни пойтахт Ош марказида татиб кўргач, мақолада бу ҳақда алоҳида тўхталган.

Тошкент бозорларнинг тўкин-сочинлиги, айниқса, “Чорсу” бозори тарихийлиги билан ҳам бошқа бозорлардан ажралиб туриши муаллиф эътиборини ўзига тортган.
“Янги савдо марказлари ва осмонўпар бинолар орасида бир вақтлар шаҳар қай кўринишда бўлганига эслатмалар бор, - деб ёзади у. – Шаҳарда масжид ва мадрасалар ҳам кўп. Ҳазрати Имом мажмуасида Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланмоқда. Ўзбекистон дунёвий давлат бўлса-да, мамлакат аҳолисининг 80 фоизга яқини ислом динига эътиқод қилади”.

Мақола якунида Том Бушье-Хейс хорижлик саёҳатчиларнинг мутлақо янги гуруҳи учун анъанавий ва замонавий уйғунлик Тошкентни тез орада серқатнов сайёҳлик масканига айлантириши мумкинлигини таъкидлаган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

923 марта ўқилди

Янгиликлар

Top