Дунё янгиликлари

БАА фазони забт этиш ниятида

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳукумати 3 миллиард дирҳам (тахминан 817 миллион доллар) миқдоридаги маблағ билан фазо секторини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун фонд ташкил этди. Бу ҳақда БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол-Наҳаёнга асосланиб маҳаллий WAM ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Шунингдек, БАА раҳбари, замонавий радиолокацион “Сирб” номли сунъий йўлдошларни ривожлантириш бўйича янги миллий дастурнинг ишга туширилишини эълон қилди (“Сирб” – араб тилидан таржимада тўда, ғуж маъносини билдиради).

Унинг таъкидлашича, мамлакат "инновацион ечимларни топиш ва ушбу ўта муҳим соҳани ривожлантириш учун ўз кадрларини тайёрлаш соҳасида ишлашни давом эттиради".

БАА 2020 йил июль ойида Марсга “ал-Амал” сайёралараро станциясини юборди, шу йил 9 февраль куни ушбу станция Марс сайёраси орбитасига етиб борди. Миссиянинг мақсади Марснинг атмосфераси ва иқлим шароитларини, шунингдек, Ердаги йил ва фасллардан деярли икки баравар узоқ давом этадиган Марс йили ва фаслларининг алмашишини ўрганишдир.

Бундан ташқари, 2022 йилда мамлакат Ернинг табиий сунъий йўлдоши бўлган Ойнинг илгари тадқиқ қилинмаган жойларини ўрганиш учун ой модулини ишга туширишни режалаштирмоқда, дея хабар беради ТАСС.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

768 марта ўқилди

Янгиликлар

Top