Дунё янгиликлари

Гамбия Рамазон ойини қандай нишонлайди?

Африка давлатларидан бири бўлган Гамбияда одамлар Рамазонга камида бир ой ёки бошланишидан бир неча ҳафта олдин тайёргарлик кўради. Аксарият кишилар Рамазондан олдин етарли миқдорда озиқ-овқат сотиб олишга ҳарақат қилади. Бадавлат инсонлар камбағал ва мискинларга ифторлик учун озиқ-овқат тарқатади.

Бундан ташқари, турли ширкатлар рўзадорлар учун кундалик ёки ҳафталик ифторлик дастурхони уюштиради. Баъзи хайрия ташкилотлари ва кўнгилли гуруҳлар ифторлик дастурхони тайёрлашади, ундан йўловчилар ва эҳтиёжманд кишилар ифторлик қилишади. Таом бериш ҳатто мусулмон бўлмаган қўшниларга ҳам тааллуқли. Буларнинг барчаси Ислом дини бошқаларга ғамхўрлик қилишга асосланганлиги билан асосланади.

Ислом Гамбиядаги асосий дин бўлиб, аҳолининг 95% бу динга эътиқод қилади. Шунинг учун Ислом бутун тарихи давомида Гамбия маданияти, жамияти ва сиёсатига таъсир кўрсатган ва ҳатто бир ой давомида ҳам шундай бўлиб қолади. Рамазонда ижтимоий тадбирларда деярли ҳамма, жумладан, мусулмон бўлмаганлар ҳам иштирок этади.

   Таровеҳ

Таровиҳ намозлари (Рамазон ойининг ҳар кечаси шом намозидан кейин ўқиладиган ибодатлар) Гамбия мусулмонлари фаол равишда интиқлик билан кутадиган ва қатнашадиган ибодатдир. Баъзи оилалар буни кўпинча оила бошлиғи билан уйда ўтказишни афзал кўрсалар, аксарияти намоз ўқиш учун масжидга боради. Масжид бўлмаган деярли барча кўчаларда ҳам таровеҳ жамоат билан ўқилади.

  Қадр кечаси

Муқаддас ойнинг сўнгги ўн кунлиги мусулмонлар жамоати томонидан Аллоҳга янада шиддатли ибодат қилишига гувоҳлик беради. Чунки, “Лайлатул Қадр” (бир кечада ибодат минг ойлик ибодатга тенг бўлган бир кеча) Рамазон ойининг охирги ўн кунлигига тўғри келади, деб ишонилади. Гамбияда Рамазон ойининг 27-кечаси Қадр кечасига тўғри келиши эҳтимоли кўпроқ эканлигига ишонишади. Таҳажжуддан ташқари, кўп одамлар, айниқса мусулмонлар бу кечани тонг отгунча ташкил этилган тиловат, зикр ва бошқа диний тадбирлар билан нишонлайдилар.

Қадр кечаси (Рамазон ойининг 27- кечаси) ифторлик қилганидан кейин болалар, ҳатто катталар ҳам уйма-уй юриб Рамазон нашидасини айтишади, бунинг эвазига ширинлик, пул каби совғалар оладилар.

     Ийд ал-Фитр

Рамазон ойида 29 ёки 30 кунлик рўза тутиб, Aллоҳга сидқидилдан ибодат қилишнинг чўққиси Рамазон ҳайитидир. Бу маҳаллий халқда "Коритеҳ" деб номланади ва бу қувонч ва Қудратли Аллоҳга миннатдорчилик лаҳзасидир.

Рамазон ҳайити куни одамлар, асосан, эркаклар ва болалар ҳайит намозига қатнашиш учун янги анъанавий либослар кийиб, ундан сўнг оила аъзолари, дўстлар ва яқинлар бир-бирини зиёрат қилиб, дуолар қилиб, бир-бирларидан кечирим сўрашади. Тушликдан сўнг, кўпинча янги кийим кийган ёшлар қўшнилар, қўшни жамоалар ёки бошқа жойлардаги оила аъзоларига ташриф буюриб, совға сўрашади.

Қишлоқдаги тушлик вақтида оилалар тушликларини “пантаба”га (қишлоқ майдони) олиб борадилар, у ерда қишлоқ аҳолиси одатда бирга еб-ичадилар, ибодат қилиб, Аллоҳдан кечирим сўрашади.

             Диний бағрикенглик

Гамбия жуда диний бағрикенг жамият сифатида танилган. Мусулмонлар ва насронийлар, мамлакатда мавжуд бўлган ягона иккита дин, ўзаро алоқада бўлиб, уларга тегишли одамлар каби аралашадилар. Икки жамоа ҳар бир диннинг диний байрамларини нишонлайди. Рамазон ойида мусулмон бўлмаганларнинг аксарияти Рамазон ва мусулмонларни ҳурмат қилган ҳолда кун давомида жамоат жойларида овқатланмасликни афзал кўради.

Байрам куни масиҳий динидагилар мусулмонларни байрамга таклиф қилишади. Баъзи мусулмонлар насроний қўшниларини озиқ-овқат билан таъминлайдилар.

ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади

705 марта ўқилди

Янгиликлар

Top