Дунё янгиликлари

Қозонда Халқаро ёшлар конгреси ўтказилади

Шу йилнинг 8-11 ноябрь кунлари Қозон шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатларнинг Халқаро ёшлар илмий конгресси бўлиб ўтади. Унда Россия ва ислом дунёси давлатларидан ёш олимлар иштирок этади.

IQNA агентлигининг “Islam today” матбуотига таяниб хабар беришича, тадбир давомида ёш олимлар архитектура ва дизайн, халқаро ҳуқуқ ва таълим, нефть ва газ технологиялари, биотиббиёт ва биотехнологиялар, барқарор ривожланиш ва халқаро алоқалар каби йўналишлардаги илмий тадқиқотларни муҳокама қилади.
Конгресс ялпи мажлис, давра суҳбатлари, интерфаол семинар ва маданий дастурдан иборат бўлади.

ИҲТ мамлакатлари илмий конгресси Россия ва ИҲТ давлатларидан иштирокчиларни ёшлар ўртасида илм-фанни ривожлантиришга жалб этади, бу эса келажакда фаннинг илмий-техник ва инновацион ривожланишида муваффақиятларга олиб келиши мумкин.

Конгресс Ёшлар ишлари бўйича федерал агентлик (Росмолодеж), Ислом ҳамкорлик ёшлар форуми (ИCМФ) ҳамда ИҲТ мамлакатлари илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича вазирлар доимий қўмитаси (CОМСТЕCҲ) кўмагида ўтказилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

558 марта ўқилди

Янгиликлар

Top