Ўзбекистон янгиликлари

Талаба-ёшлар билан маърифий суҳбат

Бугун, 20 апрель куни Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида ўқитувчи ва талабалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари А.Фатуллаев ва таълим муассасаси вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати давомида Иброҳим домла Иномов талаба-ёшларни Рамазони шариф билан табриклаб, раҳбарларнинг салом ва тилакларини етказдилар, талабаларга илм олиш, бу борада улуғ алломалар ҳаётидан ибрат олиш кераклигини таъкидлаб, мазҳаббошимиз Имом Аъзам ва етук олимлар ҳаётидан мисоллар келтириб ўтди.

Шунингдек, устоз илм эгаллаш йўлида сабр ва матонатли бўлиш, кибру ҳавога берилмаслик, устозларга ҳурмат кўрсатиш, вақтни беҳудага сарфламаслик, ахборот хуружи даврида ижтимоий тармоқлардан тўғри ва унумли фойдаланиш, турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш кераклиги ҳақида маъруза қилди. Таълим муассасаси устозлари фаолияти ва талабалари ўқишига муваффақиятлар тилаб, дуои хайрлар қилди.

Тадбир давомида таълим муассасаси ўқув-услубий бўлим бошлиғи А.Қосимов устоз ва талабалар номидан таълим муассасаси ва талаба-ёшларнинг ўқиши ҳақида маълумот берди, қилинаётган шароитлар ва эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Ш.Умаров,
Таълим муассасаси директори

1547 марта ўқилди

Янгиликлар

Top