Ўзбекистон янгиликлари

Устозлар зиёрат қилиниб, дуолари олинди

Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти билан Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарини илм олишга даъват этган. Бошқа ояти карималар ҳамда ҳадиси шарифларда эса илм ва илм аҳлининг фазилати ҳақида ҳам баёнотлар келган. Жумладан, Зумар сурасида “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” дейилган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти) дея марҳамат қилганлар.

Ушбу оят ва ҳадисдан ҳам маълум бўлмоқдаки, динимиз таълимотларида толиби илм ва устозлар хизмат ва машаққатлари зикр этилиш билан бирга уларнинг даража ва мартабалари кўтарилиши ҳақида ҳам хушхабар берилган.

Мазкур таълимотларга амал қилган жамиятда толиби илм ва устозлар доимо юксак ҳурмат ва эҳтиромда бўлган. Диёримизда ҳам ҳар йили «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» сифатида кенг нишонланиб, барчамизга катта меҳнат ва машаққат билан таълим-тарбия берган устозларга эҳтиром кўрсатиш анъанага айланиб улгурди.

Марғилон шаҳридаги имом-хатиблар ҳам ушбу санада устозларни зиёрат қилишга мушарраф бўлдилар. Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Собиржон домла Норматов, Юсуфбурҳон домла Қодиров, Абдуфаттоҳ домла Олимов ва бир қатор устозлар зиёрат қилиниб, уларнинг қимматли ўгитлари ва дуолари олинди.

Доно халқимиз ҳам “Устоз отангдек улуғ!” дея бежиз айтмаган. Зеро, уларга қанча ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилса шунча оз. Аллоҳ таоло барчамизни устозларни севувчи, уларни эҳтиром қилувчи бандалардан қилсин!

Фарғона вилояти вакиллиги Ахборот хизмати

1004 марта ўқилди

Янгиликлар

Top