Ўзбекистон янгиликлари

Фархан Низомий: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази буюк алломалар Ватанининг маҳобатига монанд

Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази директори (Буюк Британия), профессор Фархан Низомий Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Марказ вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида ҳар икки ташкилот ўртасида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари хусусида фикр алмашилди.


Ислом маънавий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, динни нотўғри тушуниш, нотўғри тушунтириш ва нотўғри англашга қарши курашиш, исломшунослик ва диншунослик соҳасида тадқиқотчилар тайёрлаш, қўлёзмалар ва нодир китобларни сақлаш, биргаликда ўрганиш бўйича ишлар истиқболлари муҳокама қилинди.


Буюк Британия вакилларига аждодларимизнинг бебаҳо асарларини оммабоп тилда нашр қилиш орқали ушбу буюк меросни ёшларга етказиб бериш устида олиб борилаётган изчил изланишлар ҳақида маълумот тақдим қилинди.


Мулоқот натижасида томонлар илмий мутахассисларни ўзаро жалб қилиш, марказлар фондларидаги мавжуд ноёб қўлёзмалар ва нодир китобларни ҳамкорликда ўрганиш, биргаликда халқаро анжуманлар ўтказиш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқиш бўйича мулоқотни давом эттириш бўйича келишиб олди.


Профессор Фархан Низомий мажмуада амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Меҳмон марказ биносидаги пардозлаш ва безаклаш ишлари унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.


- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мажмуасининг маҳобати буюк алломалар Ватанининг маҳобатига монанд, - деди Фархан Низомий. - Ҳатто қурилиш ишлари тўлиқ якунланмаган ҳолатда ҳам ундаги чуқур моҳиятни кўриб ўзимни қайта туғилгандек ҳис қиляпман. Вақти келиб бу мажмуага ташриф буюрувчилар ўзлари учун жуда кўп нарсаларни кашф қилишига ишончим комил.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1308 марта ўқилди

Янгиликлар

Top