Ўзбекистон янгиликлари

“Риёзул авлиё” кимга тегишли, унда нима ҳақда гап боради?

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзусидаги навбатдаги халқаро онлайн семинарда шу каби саволларга жавоб изланди.

Марказ матбуот хизматининг хабар беришича, тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, юртимизда фаолият юритаётган илмий муассасалар ходимлари, Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари ва хорижий давлатлардаги мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.  

Блумингтондаги Индиана университети (АҚШ) Марказий Евроосиё тадқиқотлари кафедраси профессори Девин Девиз “Нажмиддин Кубро ва унинг “Риёзул авлиё”даги мероси: Кубровия силсиласига XVI асрдаги Марказий Осиё нуқтаи назаридан тарихий нигоҳ” мавзуида маъруза қилди.

Маърузачи Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро сийрати ва у қолдирган маънавий мерос ҳақида сўз юритди. Муъиниддин Минбарийга тегишли экани тахмин қилинаётган “Риёзул авлиё” асари орқали Кубровия силсиласини тадқиқ этиш борасида эришилган натижаларга эътибор қаратди.  

Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида бир дона қўлёзма шаклида сақланиб қолган ва 1926 йилда В.Ивановнинг Бенгалия Осиё жамияти кутубхонасидаги Керзон коллекцияси каталогидан ўрин олган, Марказий Осиё сўфийлиги бўйича муҳим манба деб қаралаётган мазкур асарда Кубровия силсиласининг машҳур вакиллари тўғрисида агиографик маълумотлар келтирилган. Асарда шунингдек, силсила вакилларининг ҳаёти, турмуш тарзи ва одатлари ҳақида маълумот берувчи ривоятлар ва қизиқарли воқеалар ҳам ўрин олгани таъкидланди.  

Семинар сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга маърузачи батафсил жавоб қайтарди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

1604 марта ўқилди

Янгиликлар

Top