Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Малайзия ҳамкорлигида кўп қисмли фильмлар суратга олинади

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон кинематография агентлиги, «Ўзбекфильм» киноконцерни, Малайзиянинг «Aquila Emas» ва «Nusantara Gong Production» компаниялари вакиллари ўртасида мамлакатимизда кўп қисмли фильмни суратга олиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш юзасидан онлайн-музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокараларда Малайзия компаниялари раҳбариятига Ўзбекистонда миллий кино санъатини тизимли ривожлантириш, ушбу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибалар асосида кино ишлаб чиқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек, кино саноатининг замонавий инфратузилмасини яратиш ва кино тарқатиш тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Онлайн-мулоқот якунида малайзиялик киночилар томонидан фильм сценарий лойиҳасини Ўзбекистон кинематография агентлигига тақдим этиш, «Aquila Emas» ва «Nusantara Gong Production» компаниялари раҳбариятининг мамлакатимизга амалий сафарини ташкил бўйича келишувга эришилди.
2005 йилда асос солинган «Aquila Emas» компанияси телерадиокомпаниялар буюртмаси асосида махсус видео/аудиоконтентлар, сериаллар ва фильмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания Малайзия телепродюсерлар ассоциацияси ва Малайзия ижодий контент ассоциациясининг аъзоси ҳисобланади. 2015 йил Малайзия компанияси Бухоро вилоятида «Fajar Di Bukhara» («Бухорода тонг отгунча») кўп қисмли бадиий фильмини суратга олган. Ушбу фильм Малайзия, Сингапур, Бруней ва Индонезия телеканалларида намойиш этилган ва «Anugerah Telenovela Award 2015» мукофотига сазовор бўлган.
«Nusantara Gong Production» 2010 йилдан бери кино саноати соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Компания Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга, бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олиш билан шуғулланади.
Аввал хабар берилгандек, "Ўзбеккино" миллий агентлиги ва Малайзиянинг AQUILA EMAS Illusion Pictures компанияси икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолаб, бу ҳамкорлик доирасида “Имом ал-Бухорий” телесериалини суратга туширишни режалаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1305 марта ўқилди

Янгиликлар

Top