Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ЮНЕСКОда тақдим этилди

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси ходимлари ЮНЕСКО жамоат ассоциацияси (UCA) ва мазкур ташкилотнинг расмий ҳамкори - Халқаро маданий дипломатия ассоциацияси (IACD) томонидан ташкил этилган «Маданиятлар ва анъаналар чорраҳасида» мавзусидаги онлайн давра суҳбатида иштирок этди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.


Тадбирда давлатлар маданий мероси ва анъаналарига ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хилма-хиллик ва тинчликни тарғиб қилиш омили сифатида тўхталиб ўтилди. Мамлакатларнинг тарихий-маданий мероси ва салоҳияти, жумладан, халқ қўшиқлари, анъанавий рақслар, фольклор ва миллий гастрономия анънаналарини очиб берувчи аудио ва видеоматериаллар тақдим этилди.


Ўзбекистон вакиллари барқарор туризмни ривожлантириш контекстида мамлакатимизнинг тарихий ва маданий меросини муҳофаза қилиш, кенгайтириш ва оммалаштириш соҳасида ЮНЕСКО билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларига алоҳида тўхталди. Иштирокчилар республиканинг миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда туризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан таништирилди. Самарқанд шаҳри номзодини 2023 йилда уюштириладиган ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш жойи сифатида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.


Ўзбекистон дастурининг маданий қисми 2010 йилда маданият ва санъатни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган, қароргоҳи Грецияда жойлашган «International Action Art» халқаро нодавлат ташкилотининг мамлакатимиздаги бўлинмаси билан ҳамкорликда тайёрланди.


Тадбирда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг қадимий тарихи, кўп миллатли халқимизнинг маданий хусусиятлари ва анъаналари, миниатюра ва рақс санъати, ноёб гастрономия, шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ҳақида батафсил ҳикоя қилувчи «World Wide Travel» сайёҳлик компанияси томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.


Ўзбекистон вакилларининг тақдимотлари иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ташкилотчилар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси, сайёҳлик ва гастрономик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича қўшма ахборот-маърифий тадбирлар, жумладан, тақдимот ва стендларга жиддий қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1337 марта ўқилди

Янгиликлар

Top