Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат янги масжид ҳовлисига кўчат экдилар

2021 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Сардоба туманида қайта қурилган “Юсуф” жоме масжиди очилиш маросими доирасида жоменинг боғига мевали дарахт кўчатларини экдилар.


Айни кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ва боғлар ташкил этиш ишлари қизғин паллага кирди. Мазкур умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва буталар экиш ва шу орқали яшил майдонларни кенгайтириш вазифалари белгиланган. Мазкур лойиҳа доирасида 2 ноябрдан 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган эди.


Шу куни Сардоба туманидаги “Юсуф” масжиди янги биноси очилиш маросими доирасида ташкил этилган кўчат экиш тадбир айни мақсадга ҳамоҳанг бўлди. Жоме атрофига 200 га яқин мевали ва манзарали кўчатлар, анвойи гуллар экилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай хайрли тадбирлар юртимиздаги барча масжид, мадраса ва диний ташкилотларда кенг кўламда амалга оширилмоқда. Шунингдек, диний соҳа ходимлари томонидан ҳам ҳудудларда яшил майдонлар ҳосил қилинмоқда.
Дарҳақиқат, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни сизлар ўндирурсизми ёки биз ўндирувчимизми?!” (Воқеа, 63-64).


Қайси мўмин инсон яхши ният билан экин экса, кўчат ўтқазса улуғ ажру савобга эга бўлади. Динимиз кўрсатмаларида кўчат экиш инсонга нафақат тирикликда, балки унинг вафотидан сўнг ҳам савоби етиб турадиган эзгу амал экани таъкидланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Кимки бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади” (Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, мамлакатимизда яшил майдонлар яратиш, ўрмонзорларни кенгайтириш, мавжуд яшиллик дунёсини муҳофазалаш барчамизнинг эзгу ва савобли ишимиздир.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли тадбирни манфаатли қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1548 марта ўқилди

Янгиликлар

Top