Ўзбекистон янгиликлари

Намозхонлар маърифий маърузалардан мамнун

Уламоларимизнинг ҳудудларга ташрифлари намозхонларнинг маърифатини, маънавиятини янада юксалтириб, уларга кўтаринки руҳ бағишламоқда.

Бундай суҳбатлар бугун, 8 сентябрь куни Тошкент вилояти Тошкент туманидаги масжидларда давом этди. Унда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонлар билан маърифий суҳбатлар ўтказдилар.

Ана шундай манфаатли мавъиза пешин намозидан сўнг “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари устоз Иброҳимжон домла Иномов йиғилганларга “Уламоларни ҳурматлаш” тўғрисида маъруза қилиб, уломаларнинг даражалари ҳақида бундай деди:

– Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: “Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар”, дедилар» (Ибн Можа ривояти). Ҳадиси шарифнинг маъносидан кўриниб турибдики, Ислом уламолари нафақат бу дунёда, балки энг муҳими у дунёда ҳурматланар, Қиёмат куни уламолар пайғамбарлардан кейинги мартабага эришар эканлар.

Бу ҳадис уламоларнинг охиратдаги мартабалари қанчалик улуғ эканини кўрсатиб турибди. Бу эса олим бўлиш учун қаттиқ ҳаракат қилишга тарғиботдир, – дея сўзида давом этди Иброҳимжон домла. – Бирор олим йўқки, устозсиз илм эгаллаган, равнақ топиб, юксалган бўлса. Толиби илм олимларни ҳурматлаши билан илмдан манфаат топади. Донишмандларимиз: “Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди”, деб айтганлар.

Демак, аҳли илмларни ҳурматлаш, уларнинг ўгитига амал қилиш билан киши камолотга етиши мумкин экан.
Таъсирли мавъизадан сўнг диний масалаларда савол-жавоблар ҳам бўлиб ўтди. Якунда масжидга йиғилганлар қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун Иброҳимжон домлага ўз миннатдорликларини билдирди.

Бундай илмий суҳбат “Кўктерак” масжидида Абдуқаххор домла Юнусов иштирокида ҳам бўлиб, домла йиғилганларга “Тинчлик ва офият неъматлари” ҳақида манфаатли маъруза қилиб бердилар. Исҳоқжон домла Бегматов ҳам “Айри-ота” жоме масжидига ташриф буюриб, бугунги куннинг муҳим мавзуларида таъсирли чиқиш қилдилар. “Ғишт кўприк” масжидига йиғилганлар эса Ҳасан домла Қодировнинг намозни мукаммал бўлиши учун зарур масалалар ҳақидаги мавъизасидан баҳраманд бўлдилар.

Диний-маърифий суҳбатлар хуфтон намозларидан сўнг ҳам давом этди. Унда “Зуннурайн” жоме масжиди жамоаси Закариё домла Ҳафизуллаевнинг “Мусулмон киши гўзал ахлоқ эгаси бўлиши лозим” ҳамда масжид қурган кишига бериладиган мукофотлар тўғрисида маърузаларидан катта манфаат олдилар. “Мирҳалил ҳожи ота” масжидига ташриф буюрганлар эса Ибн Турсун Билол қорининг "Aллоҳ таоло бандаларига беҳад меҳрибон зотдир" мавзусидаги маърифий суҳбатидан қаттиқ таъсирланиб, Аллоҳга бўлган муҳаббатлари янада зиёда бўлди. Шу билан бирга жамоатдан берилган саволларга домла батафсил жавоб бериб барчани мамнун этдилар. Суҳбатдан ҳамма мамнун бўлиб, ташаккур айтдилар.

Бахтиёр домла Сатторовнинг “Рамадон” жоме масжидидаги "Исломда омонатдорлик" ҳақида маъизаси ҳам жамоатда катта таассурот қолдириб, олди-берди масалаларида хушёр бўлишга ундади. “Раҳбар ота Акбар ўғли” жоме масжидига ташриф буюрган Зиёвуддин домла Мирсодиқов йиғилганларга "Аллоҳга шукр қилувчи бўлишнинг фазилати" мавзусида суҳбат қилиб, ҳар бир неъматга шукрлар айтиш кераклигини таъкидладилар. Муҳаммадраҳим домла Абдуқодировнинг “Раҳим-ота” масжидидаги "Амаллар ниятга боғлиқдир" ҳақидаги илмий маърузаси ҳам барча учун қизиқарли бўлиб, кўплаб манфаатлар олишга сабаб бўлди.

Халққа манзур бўлаётган бундай илмий суҳбатлар яна давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

808 марта ўқилди

Янгиликлар

Top