Ўзбекистон янгиликлари

Каъбани қучоқлаб, дуолар қилдим

Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров юртимиздаги кам таъминланган оилалар вакилларини давлатимизнинг бевосита кўмагида Умра зиёратига юборишда амалий ёрдам беришларини сўраган эди. Президент бу илтимосни қўллаб-қувватлаши самарасида кўплаб юртдошимиз Умра зиёратида бўлиб қайтди.

– Кутилмаганда менга туманимиз ҳокимлигидан хабар келди, – дейди Сирдарё вилояти Сирдарё тумани «Илғор» маҳалласида истиқомат қилувчи Жумагул Аширбекова. – Улар менга опа тайёр бўлиб туринг, сизни Умра зиёратига юбормоқчимиз дейишди. Кутилмаган таклифдан ҳайрон бўлдим. Менинг ҳеч қанақа имкониятим йўқ, дея уларга ўзимнинг шароитимни тушунтирдим.  

Қалбимда Умрани зиёрат қилиш каби эзгу ниятлар ҳамиша туғён урарди. Аммо афсуски, бу зиёратни адо этиш учун ортиқча маблағим ҳам, мени зиёратларга юборадиган ўғил-қизларим ҳам йўқ эди. Ҳар гал зиёратчиларни кўриб ҳавас қилардим. Мен ҳам шундай муқаддас зиёратгоҳларга борармикинман, деб ўйлардим.  

Улар менга Умрага боришга имконияти етмайдиган кам таъминланганлар учун давлат томонидан ёрдам берилишини тушунтиришди. Қулоқларимга ишонмадим. Айтилган хабардан йиғлаб юбордим. Шу заҳоти бутун қариндош-уруғимга қўнғироқ қилиб, хушхабарни етказдим.  

Биз тайёргарлик кўра бошладик. Жўнаб кетаётганимизда ҳам мутасаддилар бизни алоҳида ҳурмат, эътибор билан кузатиб, ҳатто бошимизга ўрайдиган рўмолимизу, қўлимиздаги сумкаларгача таъминлаб беришди.  

Бизга бу бахт ғойибдан келгандек гўё. Муқаддас шаҳарга эсон-омон етиб бордик. Макка ва Мадинани, бошқа муқаддас қадамжоларни, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с. а. в.) ҳазратлари қабрини зиёрат қилдик.  

Президентимиз бизни шунчалик эъзозлаб, ҳурмат қилиб шарт-шароитлар яратиб берганига шукрона келтирдим. Каъбани қучоқлаб, йиғлаб дуолар қилдим. Юртимиз тинчлиги абадий бўлишини сўрадим.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

478 марта ўқилди

Янгиликлар

Top