Ўзбекистон янгиликлари

Ислом Олами Уюшмасининг ўзбекистонлик меҳмонлари

2017 йил 22 август Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилаётган 4 нафар юртдошларимиз – Мир араб олий мадрасаси мудири Элов Жобир, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Абубакир Сиддиқ” масжиди имом хатиби Абилов Юнусжон, Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Исломобод” масжиди имом хатиби Юлдашев Абдулло ва Асака туман бош имом хатиби Парпиев Шаҳобиддин Ислом  Олам Уюшмаси таклифига асосан Ўзбекистон хожилари билан бирга Тошкентдан Мадина шаҳрига етиб бордилар.

Уларни Мадинаи мунаввара тайёрагоҳида Ислом Олами Уюшмаси ходими Бадр Ансорий кутиб олди ва шу куни Аброж Ҳаким меҳмонхонасига жойлаштирди.

Меҳмонлар икки кун давомида Мадина шаҳрида бўлиб, Масжидун Набавийда ибодатларини адо этишди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзаларини зиёрат қилдилар.

Шунингдек Қубо масжиди, Қиблатайн масжидларига боришди ҳамда Бақеъ қабристонидаги Уҳуд жанги шаҳидларининг қабрларини зиёрат қилишди.

24 август куни вакилларимиз Мадинадан жўнаб кетишди ва шу куни Маккадаги Ислом Олами Уюшмаси қароргоҳига келдилар. Қароргоҳга бутун дунёдан 300 нафардан ортиқ вакиллар таклиф этилган бўлиб, уларнинг ораларида йирик фан арбоблари, имомлар ва мударрислар, жумладан Жазоир муфтиси Шайх Али Айя ва бошқалар бор.

Бу жойда юртимиздан ташриф бкюрган меҳмонлар юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олиндилар ва мезбонлар муборак зам зам сувини тақдим этдилар.

Эртаси куни эса имомларимиз умра ибодатларини бажардилар. Сафарнинг ташкил этилишига холис ёрдам кўрсатган юртимиз раҳбариятига, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари, муфтий ҳазратлари У. Алимов ва бошқа ходимларга ташаккур билдириб, хақларига дуо қилишмоқда.

Ҳозирда барчалари муқаддас заминда  юрт фаровонлиги ва динимиз ривожи учун чин ихлос ила дуолар қилиб, яқинлашиб келаётган улуғ ҳаж ибодатига тайёргарлик кўрмоқдалар.

              Абдуллоҳ Парпиев,
Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

5903 марта ўқилди

Янгиликлар

Top