Ўзбекистон янгиликлари

Қатарда Ўзбекистоннинг диний соҳадаги ислоҳотлари бўйича тақдимот қилинди

Аввал хабар берганимиздек, Доҳа шаҳрида бўлаётган “Диний эркинликдан диний масъулият сари: қўллаб-қувватлаш ва ҳаракат ҳамжамиятларини қуриш” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

Халқаро конференциянинг “Дин ва қонун устуворлиги” шуъбаси доирасида бўлимларда 50 га яқин олим ва тадқиқотчилар, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар, диншунос ва дин етакчилари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг маърузалари ташкил қилинган.

Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудовнинг “Диний соҳадаги ислоҳотлар: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги маърузаси ва тақдимоти иштирокчиларга етказилди.

Маърузада сўнгги йилларда дин соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик такомиллаштирилгани, янги илмий ва таълимий муассасалар очилгани, барча дин вакилларининг эмин-эркин эътиқод қилишларига шароитлар яратилгани, буюк алломалар меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бир қатор эзгу саъй-ҳаракатлар аниқ мисоллар, далил ва рақамларда тақдим этилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўз навбатида, бугунги даврда дунёнинг турли нуқталарида диний ва миллий адоватлар давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда 16 та диний конфессиянинг тинч-тотув яшаши кўплаб давлатлар учун намуна тимсоли бўла олиши алоҳида таъкидланди.

Тадбирда иштирок этаётган халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги, хусусан, диний бағрикенглик борасидаги ташаббуслар юксак эътироф этилди.

Ўзбекистон делегациясининг Қатарга сафари давом этмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

652 марта ўқилди

Янгиликлар

Top