Ўзбекистон янгиликлари

ДТМ раҳбарларининг семинарида илмий савияни ошириш муҳокама этилди

Бугун, 10 августь куни Тошкент шаҳридаги “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида семинари бўлиб ўтди.

Илмий-маърифий семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раис ўринбосари Уйғун Ғофуров, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, мудир ўринбосари Акбар Дўсматовлар ҳамда юртимиздаги диний-таълим муассасалари раҳбарлари қатнашишди.

Қуръони карим тиловоти ва хайрли дуолар ила бошланган аввалида янги бошланаётган 2023-2024 ўқув йилида диний таълим муассасаларида таълим сифатини янада ошириш, педагог-ўқитувчиларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб қилиш бўйича долзарб вазифалар тўғрисида сўз юритилди.

Шунингдек, 2022-2023 ўқув йилининг иккинчи семестр якунлари, талаба ва педагог-ўқитувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, тегишли тавсиялар берилди. Хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура ва доктарантура ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида 2023-2024 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорини белгилаш, талабалар стипендияси ва педагог-ўқитувчи ҳамда ходимларнинг ойлик маошларини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф асносида таълим муассасалари раҳбарлари “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасасининг янги ўқув ва ётоқхона биноси, ошхона ҳамда педагог-ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

600 марта ўқилди

Янгиликлар

Top