Ўзбекистон янгиликлари

Фахрий имомга академик унвони берилди

Шу йил 11 август куни Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами олдидан кўп йиллар диний соҳада фидойилик билан хизмат қилган, фахрий имом, устоз Аҳмаджон домла Бобомуродзодага Республикамиздаги Турон Фанлар академияси академиги илмий унвони тақдим этилди.

Нуфузли унвонни топшириш маросимида мутасадди вакиллар Аҳмаджон домла Бобомуродзодага Турон Фанлар академияси академиги олтин медали, академик дипломи ва гувоҳномаси, шунингдек, Турон Фанлар академиясининг ўн йиллиги кўкрак-нишонини тантанали тарзда топширишди.

Маълумот ўрнида, Аҳмаджон домла Бобомуродзода 1946 йили Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. У киши 1971 йил Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1975 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини томомлаган.

Аҳмаджон домла илк фаолиятни 1973 йили пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Олмазор” жоме масжидида имом-хатиб сифатида бошлаган. 1974-1980 йилларда Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Кўктерак” жоме масжидида, 1980-2006 йилларда Тошкент шаҳридаги “Ислом ота” жоме масжидида самарали меҳнат қилган. Бир вақтнинг ўзида 1982-2006 йиллар давомида Тошкент шаҳар Яшнабод ва Миробод туманлари бош имом-хатиби вазифасини ҳам бажариб келган.

Шунингдек, 1989-2020 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида катта ўқитувчи бўлиб, кўплаб шогирдларни етиштирган.

Эслатиб ўтамиз, Турон Фанлар академияси академиги унвони Шайх Абдулазиз Мансур, Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Саййид Раҳматуллоҳ Термизий сингари бугунги кунда диний соҳада фаолият юритиб келаётган уламоларимизга ҳам тақдим этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

662 марта ўқилди

Янгиликлар

Top