Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора 80 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди

Бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташкил топганига 80 йил тўлади. Айни кунларда ушбу санани кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Бугун Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар учун навбатдаги маърифат соати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари: Эргашали домла Рустамов, Абдуллоҳ домла Йўлдошевлар қатнашиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Ўзбекистон қадимдан илм-фан ва маърифат маркази бўлиб келган, – деди Маърифат соатида ЎМИ раиси ўринбосари Уйғун домла Ғофуров. – Бу йил идорамиз ташкил топганига 80 йил тўлади. Шу муносабат билан ушбу санани кенг нишонлашга қизғин тараддуд кўрилмоқда. Илк номи "Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси" бўлган ташкилот 1943 йил 20 октябрда ташкил топган. 1992 йили "Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси", 1995 йили "Ўзбекистон мусулмонлари идораси" деб ўзгартирилди.

Идоранинг ташкил топишида Эшон Бобохон ва Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг хизматлари жуда катта бўлган.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига собиқ ССР давлатларидан ҳам талабалар келиб таҳсил олишган.

Маърифат соати сўнгида тингловчиларга Уйғун домланинг "Ўзбекистонда ислом таълим тизими: шонли тарих, истибдод зулмидан омон қолиш ва нурли истиқбол" номли китоби тарқатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

813 марта ўқилди

Янгиликлар

Top