Ўзбекистон янгиликлари

Мусулмон уммати, дин ва халқ хизматида бўлиш катта саодат

Шу йил 9 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раисликларида Андижон вилоятида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилиш Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имомлик шарафли мақом бўлиши билан бирга ўта нозик ва масъулиятли вазифа экани, ҳар бир имом бу ҳақиқатни бир зум бўлса-да эсидан чиқармасдан, жамиятнинг энг намунали ва энг олди кишиларидан эканини чуқур англаш кабиларни баён этдилар.

Йиғилиш давомида Муфтий ҳазратлари Андижон вилояти имом-хатибларининг фаолиятини таҳлил қилиб, муҳим тавсия ва топшириқлар бердилар.

Шунингдек, мураккаб даврда имом-хатибларнинг фаолликларини янада ошириш, ОАВдаги чиқишлари мазмун-моҳиятини яхшилаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш, бу борада вилоят бош имом-хатиби билан елками-елка туриб, ҳамжиҳатликда динимиз равнақи ва мўмин-мусулмонларимиз фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилиш каби жиҳатларга Муфтий ҳазратлари алоҳида урғу қаратдилар.

Йиғилишда Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Андижон шаҳри бош имом-хатиби Мифтоҳиддин домла Рожиддинов, Избоскан тумани бош имом-хатиби Салимжон домла Юнусов ва Андижон шаҳри “Уйғур” жоме масжиди имом-хатиби Раҳмонжон домла Ортиқов сўзга чиқиб, Муфтий ҳазратларининг нутқларида баён этилган муҳим масала ва долзарб вазифаларни сидқидилдан бажаришларини билдирдилар. Шунингдек, сўнгги йилларда диний соҳа ходимларига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор қилдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

741 марта ўқилди

Янгиликлар

Top